• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24°C
Detail image

Хожа Аҳрори Валий, Али Қушчи, Амир Темурларнинг Истанбулга қандай алоқаси бор?

Ҳар йили 29 май куни туркияликлар тарафидан Истанбулнинг фатҳ этилгани тантанали нишонланади. Ҳозиргина Истанбул шаҳар ҳокими Акром Имомўғли ижтимоий тармоқ орқали ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, сайлов натижаларидан тушкунликка тушмай, астойдил бўлишни, келгуси сайловларда яхшироқ иштирок этишни тилади. Маълумки у Камол Қиличдорўғлининг партиядоши ва ҳаммаслаги саналади. Имомўғли алоҳида таъкидлаб айтдики, бугун Малтепа мавзесида Истанбул фатҳининг 570 йиллигига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтади.

Бугунги гўзал ва мафтункор Истанбул билан 1453 йилги Константинопол орасида катта фарқ бор, албатта. Энг асосий фарқ шундаки, ўша даврдаги шаҳар бугунги Истанбулнинг Фотиҳ тумани ўрнида бўлган, холос. Шунинг учун ҳам шаҳарнинг тарихий обидалари: Аё София, Сулаймония, Фотиҳ ва бошқа катта жомеълар, Тўпқопи саройи, византияликлардан қолган бошқа асори атиқалар асосан шу ерда жойлашган. Даврлар ўтиб, шаҳар қарийб ўттиз баробар кенгайди, қанча сувлар оқди, қанча долғалар кўрди бу дунё, аммо Истанбул ўша-ўша жозибадор ва мафтункорлиги йўқотгани йўқ.

Келинг, бугунги сана  баҳона ушбу кўҳна ва навқирон шаҳарнинг тарихига назар солайлик.

***

Шарқий Рум империясининг том маънодаги қалби саналган Қустантиния (Константинопол) Фотиҳ Султон Муҳаммад ғозий томонидан 1453 йилда фатҳ этилгунига қадар ҳам бир неча бор мусулмон амирлари, саркардалари томонидан ҳам қўлга киритишга ҳаракатлар бўлган. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Бу ҳам бўлса, ҳазрати пайғамбаримиз томонидан ушбу шаҳар фотиҳи ва унинг аскарларини мақтаб айтган башоратларидир.

Hidoyat.uz сайтида шундай келтирилади: Пайғамбар алайҳиссалом Истанбул фатҳи ҳақида башорат қилиб: «Қустантиния, албатта, фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўмондон нақадар бахтли қўмондон, уни фатҳ қилган аскарлар нақадар бахтли аскарлардир», деганлар. Ана шундай шарафга эга бўлиш ҳар бир саҳобанинг орзуси эди.

Мусулмонлар Константинополни фатҳ этиш мақсадида илк марта ҳижрий 48 йили (милодий 668) келганлар. Ушбу қўшин таркибида 63 саҳоба бўлган. Абу Айюб ал-Ансорий ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкалдоши (эмикдоши)  Абу Шайба ал-Ҳудрий жангда шаҳид бўлганлар. 
Айюб Ансорийнинг васиятига кўра, у Константинополь деворлари остига дафн этилган. Абу Шайба ал-Ҳудрийнинг қабрлари эса Ая София ва Султон Аҳмад масжидлари ўртасида, Ҳуррам Султон ҳаммоми орқасида жойлашган.

Умумий ҳисобда, Истанбулда саҳобаларга оид 29 та зиёратгоҳ мавжуд. Аммо иккитасининг ҳақиқий қабри аниқланган, холос. Қолганлари эса мақомдир (яъни айнан шу ерга қўйилгани аниқ эмас).

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам 632 йил боқий дунёга кўчган бўлсалар, орадан бор-йўғи 36 йил ўтиб мусулмонлар Константинополга етиб келганлар.

Усмонийлардан етти ҳукмдор Константинополни етти марта қамал қилди ва еттинчи султон, еттинчи қамалда бу шаҳарни қўлга киритди.

Юқоридаги ҳадисда айтилган мартабага эришиш умидида кўплаб саҳобалар, ҳукмдорлар, амирлар, саркардалар ушбу шаҳарни фатҳ қилишга уринишган. Бу ҳақда ёш ва ҳаракатчан уламоларимиздан бири Нозимжон Ҳошимжон шундай ёзади:

“Илк бор Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий 44-санада Қустантания фатҳига уриндилар, аммо мақсадга эришолмадилар. Бу буюк саҳобийнинг даврларида бу уринишлар бир неча бор амалга оширилди.

Умавийлар давридаги энг муҳим уринишлардан яна бири ҳижрий 98 йили Сулаймон ибн Абдулмалик даврида бўлиб ўтди. Бунда ҳам мурод ҳосил бўлмади.

Аббосийлар ҳукмронлигида Византияга қарши кўплаб ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилди. Ана шундай юришлар орасида Қустантания фатҳига бўлган уриниш ҳижрий 190 йили Ҳорун ар-Рашид томонидан амалга оширилди.

Кейинчалик Кичик Осиёда бир неча исломий давлатлар ташкил топди. Ана шулардан бири Салжуқийлар давлатидир. Салжуқийлар давлатига 1063-1072 йиллар орасида ҳукмдорлик қилган Алп Арслон билан Византия императори Роман IV Диоген ўртасида 1071 йилда катта жанг бўлиб ўтади. Жангда император енгилиб, асир олинади ва зиндонга ташланади. Шу ҳодисанинг ўзи Византиянинг катта қисми мусулмонлар қўлига ўтишига сабаб бўлади.

Орада бир қанча вақт Қустантанияни фатҳ қилишга уриниш сустлашиб қолди.

Ўн учинчи асрнинг охирларига келиб, Қустантанияни фатҳ қилиш ҳаракатлари яна бошланди. 1393 йили Усмонийлар султони Боязид Қустантанияни қамал қилди. Шундан кейин у Византия императори билан шаҳарни тинч йўл билан топшириш борасида музокаралар олиб боришни бошлади. Лекин император бу ишни пайсалга солиб, шаҳарни топширишни чўзиб, турли қаршиликлар қилди.

1451 йилда Иккинчи Султон Мурод томонидан Қустантания фатҳига жуда кўп бор ҳаракатлар бўлди, шаҳар қамал қилиб турилди. Византия императори томонидан амалга оширилган фитналар сабабли бу сафарги уриниш ҳам муваффақиятли якунланмади. Шу йили Султон Мурод вафот этди ва тахтга унинг ўғли Султон Муҳаммадхон Соний ўтирди.

1453 йил 27 май...

Султон Муҳаммад шаҳарга ҳужум қилиш вақти яқинлашганини эълон қилди ва “Ё Усмонийлар давлати йиқилади ёки Қустантания йиқилади” шиорини барчага эслатди. Ўша куни мусулмонлар рўза тутдилар. Шу куни кечаси билан барча қўшин султон бошчилигида ўтлар ёқиб, туни билан таҳлил, такбир, таҳмид ва тасбеҳ айтиб чиқдилар, дуо ва муножотга астойдил киришдилар.

28 май...

Қўшин бу кунни ҳам кечагидек рўзадор ҳолда ибодат ва дуо билан ўтказди. Уламолар ва шайхлар сафлар орасида юриб, аскарларга Қуръон оятларидан ўқиб берар эдилар. Султон ҳам ўз қўшинига юқоридаги буюк ҳадисни эслатиб, унинг ҳукми остига кириш улкан бахтлигини англатар, уларни шижоатлантирар, кўнгилларини кўтарар эди.

1453 йил 29 май...

Шу куни мусулмонлар қўшини 21 ёшли султон Муҳаммад Соний бошчилигида бомдод намозини ўқигач, Қустантанияга ҳужумни бошлаб, шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлдилар. Византиянинг ўша пайтдаги императори Константин XI Палеолоог Драгаш қамал пайтида ҳалок бўлди.

 *** 

Айтганча, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг қабрлари қандай топилди, ахир орадан 800 йилдан ошиқроқ вақт ўтган-ку?” деган ҳақли савол туғилади. Ривоятларга кўра, Фотиҳ Султонни фатҳга шижоатлантириб турган устози Оқ Шамсиддин ҳазратлари бир туш кўрадилар. Тушларида ҳозирги мақбара жойлашган жойдан осмонга нур таралаётган экан. Шу ерга келиб, икки газ қазишса, бир мармар тош чиқади. Унга араб тилида “Бу ерга Холид ибн Зайд мадфундур” деб ёзиб қўйилган экан. Фотиҳ Султон ҳазратлари дарҳол қабр устига мақбара иншо этади, кейин масжид қурдиради. Бошқа турли ривоятлар ҳам жуда кўп, аммо мен ўзим ишонган ва қалбим татмин топганини ёздим, холос.

Дарвоқе, туркиялик таниқли тарихчи Аҳмад Шимширгилнинг ёзишича, Истанбулни Соҳибқирон бобомиз фатҳ этиши ҳам мумкин эди. Аммо...

“XIV  аср ўрталарида туркларнинг ихтиёридан чиққан Измир ва унинг атрофидаги қалъаларни Соҳибқирон 1402 йили 2 декабрь куни қўлга киритиб, уларнинг бошқарувини Ойдинўғилларига берди.

Амир Темурнинг бундан кейинги режаси Рум диёрларига бориш эканлиги англашилаётганди. Чунки Византия императори Мануэл Боязиднинг асир олинишидан жудаям мамнун бўлган, лекин Темурнинг Рум диёрларига бориш учун кема ҳозирлаш ҳақидаги мактуби келгач, хавотирга тушиб қолганди. Темурнинг Измирни қўлга киритганидан кейин, Истанбулга (ўша пайтдаги Константинопол) қараб юриш қилишини ойдинлашиб қолади.

Византия императори Амир Темурга элчилар юбориб, дўстлигини изҳор қилган ва хирож тўлашга тайёр эканини билдирганди. Амир Темур элчиларни қабул қилиб, хирож миқдорини белгилаган ва уларга чопонлар кийдириб, иззат-икром билан кузатиб қўйганди (Аҳмад Шимширгил. Амир Темур китоби.

***

Усмонийлар Константинополни фатҳ этгач, ерлик аҳолига зулм қилмайди. Аксинча, уларга кенгчилик беради. Буни Султон Фотиҳ Муҳаммаднинг Истанбул фатҳидан кейинги фармонидан ҳам билиб олса бўлади. Рус олими Иван Стародубцев "Россия - Туркия: 500 йиллик нотинч қўшничилик" китобида ушбу фармонни келтириб ўтган.

“Бизким, подишоҳ, Султон Муротхон ўғли Султон Муҳаммадхон, еру осмонни яратган Аллоҳ номи билан, буюк пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номи билан, улуғ китобимиз номи билан. Қуръонга, отамиз хотирасига, ўғилларимиз номига, биз эгарлаган отга, бел боғлаган қиличга қасам ичамиз!
Шаҳарнинг католик руҳонийлари вакили томонидан бизга юборилган элчихона сўровига кўра, биз Галата аҳолисига, бизга бўйсунувчи барча халқлар каби, ўз урф-одатларини эркин бажаришлари ва диний маросимларни эркин бажаришларига рухсат берамиз.
Фақат Галата деворлари вайрон бўлади; лекин уйлар, дўконлар, боғлар, тегирмонлар, кемалар, дўконлар ва бошқа мулклар дахлсиз деб эълон қилинади. Мулк, аввалгидек, унга эга бўлган оилаларга тегишли бўлади, улар уни ўзлари хоҳлаганча бошқариш ҳуқуқига эга.
Галата аҳолиси билан ҳар қандай жойда савдо қилишга рухсат берилган. Бироқ, бизга бўйсунадиган бошқа халқлар сингари, галатиялик савдогарлар ҳам бундан буён бизга солиқ тўлашга мажбур бўладилар.
Бугунги кунда кучга кирган ушбу қонун ва қоидалар абадий кучга эга бўлади. Биз ўзимизни ҳимоя қилганимиздек, аҳолини ҳам ҳимоя қиламиз.
Бу ҳудуд аҳолиси ўз черковларида хоҳлаганча ибодат қилишлари мумкин бўлади, галатияликларнинг черковлари Ая Софиядан ташқари масжидга айлантирилмайди.
Биз Галата халқининг болаларини янгисар қўшинига хизматга олмаймиз. Эътиқодимизни қабул қилишни истамаганларни зўрлаб мусулмонликка айлантирмаймиз. Биз сўзни Галата халқига берамиз. Биз уларни қулимизга айлантирмаймиз.
Галата аҳолисининг бошида улардан бири бўлади. Низоларни ҳал қилиш учун ўзларидан бирини танлашларига рухсат беринг. Руҳонийлар ҳақида ёмон гап айтилмайди.
Бу ерда кўрсатилган тартибда солиқ тўлайдиган ва қонунларга риоя қиладиганлар эркин ҳисобланадилар."

Тарихчиларнинг айтишича, у ва ундан кейин келган Усмонийларнинг султонлари ушбу аҳдга содиқ қолади. Ҳозирда Фотиҳ туманини кезар экансиз, тарихий масжидлар қатори минг йиллик черков ва сенагогалари ҳам сақланиб қолганига ва ҳатто ҳозир ҳам фаолият юритаётганига гувоҳ бўласиз.
***
Энг қувонарлиси, Истанбулнинг фатҳ этилишида бизнинг ота-боболаримиз ҳам муносиб ҳисса қўшган экан. Фотиҳ масжидининг қиблага терс юриб чап томонидаги дарвозасидан чиқсангиз, кичик қабристонга дуч келасиз. Али Қушчи номли маҳалла мухторлиги биноси пастида, кўп қаватли уйлар орасида 20-25 қадар қабрлар бор. Маълумот пешлавҳасида шундай ёзилган:

“Ушбу қабристонда 1453 йилги Истанбул фатҳида иштирок этган бахтиёр аскарлардан экани ишониладиган бухоролик етти амир дафн этилган. Фатҳга 500 йил бўлиши муносабати билан олиб борилган ўрганишларга кўра, бу ерга Саййид Абдуғофир, Саййид Абдураҳмон, Саййид Абдураҳим, Саййид Ғофир, Саййид Ҳамза, Саййид Укайл ва Саййид Абдулазизларнинг қабри экани аниқланган”.

Костантинополнинг қўлга киритилишида подшоҳларнинг устози деб ҳурматланадиган авлиё бобомиз – Хожа Ахрори Валий ҳазратларининг ҳам муносиб ўрни бор экан. Бу маълумотни менга таниқли ёзувчи акамиз Набижон Боқийнинг шахсан ўзлари айтиб бердилар.

Константинополни қамал қилиб турган Султон Муҳаммад II нинг боши қотган: шаҳарни қандай эгаллаш мумкин?  Қамал кунларининг бирида султон туш кўради, тушида бир уламо зот унга Истанбул бўғозидаги кемаларни қуруқлик орқали Халич қўлтиғининг ички тарафига олиб ўтишни маслаҳат беради. Ҳатто кемаларни ўтказиш усулини ҳижжалаб тушунтириб беради, ўргатади. Султон айни шу йўл билан Истанбулни фатҳ қилганини ўқигансиз, ё эшитгансиз ва ё фильмларда кўрган бўлсангиз, ажаб эрмас.

Султон ўзига йўл кўрсатган бу нурли сиймони жуда яхши эслаб қолади ва йиллар бўйи одамлар орасидан уни излаб юради. Йиллар ўтиб, умрининг охирларида Истанбулга бизнинг тупроқлардан уламолар меҳмон бўлади. Ҳаж сафарига кетаётгандами, ёки бошқа сабабми... Ишқилиб, Истанбулга борган олимлар орасида Хожа Ахрори Валий ҳазратларининг ўғиллари ҳам бор эди (исмларини тополмадим, афсус).

Бу кишига кўзи тушган Фотиҳ Султон беихтиёр ўрнидан туриб кетади ва олдиларига бориб: “Тушимда кўрган одам Сизсиз!” дейди. Кейин ҳаммага неча йиллардан бери сақлаб келган тушини айтиб беради. “Сиз таърифлаётган одам мен эмас, балки падари бузрукворим – Хожа Ахрори Валий бўладилар”, дейди ўғиллари...

Султон салтанат ишидан ортиб Хожа Ахрори Валий ҳазратларини зиёрат қила олганми ё йўқ, рости билмайман.

Истанбулликларнинг энг севимли маънавий масканларидан бири Аюб Султон зиёратгоҳида аллома бобомиз Мавлоно Али Қушчининг ҳам қабри бор. У киши Фотиҳ Султон Муҳаммаднинг илтимосига кўра Аё София ёнидаги энг катта мадрасада бош мударрис бўлиб фаолият юритган.

Хуллас, Истанбулни биз билан боғлаб турган ришталар сероб. Бу муаззам шаҳарга келсангиз, бу ердаги асори атиқаларга, минг йиллик обидаларга махлиё бўлиш билан бирга, фотиҳлар, шаҳидлар қатори ўзимизнинг ота-боболаримиз ҳақига ҳам икки калима дуо қилишни унутмассиз деган умиддамиз.

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

Манба: Azon.uz

“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар