• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image
«Муаллифлик ҳуқуқини талаб қилганимда мен миллионер бўлиб кетардим» — Юлдуз Усмонова
Ўзбекистон халқ артисти «Хаста бўлма» қўшиғи атрофидаги можаролардан кейин вазиятга изоҳ берди ҳамда қўшиққа янги шеър ёзганини маълум қилди.

- "Мана бу «Хаста бўлма» қўшиғи можаро бўлиб кетганини биласизлар. Мен умримда биров билан талашишни ёмон кўрдим. Умримда кимгадир ниманидир исбот қилмадим. Ижодда ҳар бир эринмаган одам этагингга осилаверса, этагингни кесиб, қочиб қолган бўласан. Шеър ёзилса, китобда қолаверади. Шеърни ўзини ўқиб чиқсанг, ҳа дейди, ўтади-кетади. Нима бўлса куй билан, қалб билан бўлади. Мана шу қалб ёнади, кейин Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари чиқади.

Ҳозир ўтириб, ёзиб қўйдим. Нимадир миямга уриб қолди, ёзиб юрган одам ёзаверади. Нечта қўшиғимни ижро этишган бўлса, улар айтди-кетди. Ҳеч ким билан судлашмабман, агар мен муаллифлик ҳуқуқимни талаб қиладиган бўлсам, миллионер бўлиб кетар эдим. Айтганига хурсанд бўлаверар эканмиз. Нимани ҳис қилган бўлсам, шуни ёздим.

Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак, мусиқага шеър ёзадиган саноқли шоир бор. Халқ шоирлари ҳам мусиқага шеър ёзмайди. Шеър ёзади, ёзсангиз мана шунга куй ёзинг, дейишади. Қўшиқчи шоирлар бошқа бўлади. Бу шеърга куйни ўзим ёзганман. Уйим яқинда таъмирдан чиқди. Кўп нарсалар йўқолиб кетди. Лекин ўша шеър ёзилган қоғозни кўрсатганимда билган бўлардингиз, унинг эгаси раҳматли бўлиб кетганми, деб ўйлайсиз. Энди ёзганиям пойма-пой бўлиб турганди, шунинг учун унинг шоир эмаслигини билганман.

Ҳамма шеърларни экспертиза қилса бўлади. Лекин ҳамма шеърни экспертиза қилиб, тиллага ўраб, токчага қўйса, ҳеч ким олиб ўқимайди. Куй билан айтилган нарса қалбларга киради, тарихларда қолади. Алишер Навоийни ким ўқиб жойига қўйди, саноқли навоийшунослар бор. Шунинг учун ғазал муҳим нарса, сўз муҳим нарса. Лекин сўз атайин изланмайди
", - дейди Юлдуз Усмонова.

Юлдуз Усмонова, шунингдек, ушбу воқеадан сўнг шоирлар билан эҳтиёт бўлиб ишлаётгани ҳамда ўзи таҳрирлаган шеърларга ҳаммуаллифлик қилаётгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Бундан кейин биз шоирлар билан жуда эҳтиёт бўлиб ишлаяпмиз. Ўзим ҳам ўтириб, унча-мунчасини ёзиб қўяман. Лекин бунга шоир ҳам керак эмас экан, дейишмасин деб шоирларни ишлатаман. Шунингдек, ҳар бир ёзган ва ёзилган қўшиқда 4 қатор менинг нақаротим туради. Аслини олганда ҳаммуаллифман. Лекин мен ҳаммуаллифман деб буларнинг нафсониятига тегмайман. Бундан кейин ҳаммуаллифман ҳар бир қўшиққа. Демак, замон талаб қиляпти, шунақа бўлиш керак. Мен ҳам композитор, ҳам қўшиқчиман. Ва яхши қўшиқнинг биринчи нақароти ёзилади, сўз ўз-ўзидан келади ва ундан кейин шоирга берилади. Агар куйга ёзадиган шоирлар кўп бўлганида, не-не ҳитлар чиқиб кетган бўлар эди», — дейди Юлдуз Усмонова.

Айтилишича, «Хаста бўлма» қўшиғининг янги талқини тез кунда мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Эслатиб ўтамиз, шоир Йўлчи Рўзиев Юлдуз Усмоновадан «Хаста бўлма» шеъри учун 3 йилдан буён қалам ҳақи ололмаётгани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар судларининг маълум қилишича, 20 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига «Хаста бўлма» қўшиғининг шеър муаллифидан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси келиб тушган.

Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши қўзғатилиб, суд мажлиси 2021 йил 13 октябрга тайинланган. 13 октябрь куни суд мажлисига даъвогар келган, жавобгар келмагани сабабли суд мажлиси 22 октябрга қолдирилган.

29 октябрь куни қабул қилинган ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, Юлдуз Усмоновадан даъвогар Йўлчи Рўзиевга 50 миллион сўм маънавий зарар учун компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробар миқдорида (135 миллион сўм) етказилган зарар ҳисобига товон пули ундириш белгиланган.

Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Юлдуз Усмонованинг «Хаста бўлма» қўшиғининг муаллифлик ҳуқуқи бузилгани бўйича шикоят апелляцияси кўриб чиқилди.

Суднинг ажримига кўра, даъвогар Йўлчи Рўзиевнинг жавобгар Юлдуз Усмоновага нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2021 йил 29 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар