• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Жорий йилнинг 22 апрель куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги 50 жилддан иборат китоб-альбомларни топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

Тадбирда ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Эрнесто Оттоне ва Ташкилот котибияти вакиллари иштирок этди.

ЮНЕСКО вакилларига "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон заминида яратилган ва ҳозирда юртимиз ҳамда Европа, Осиё, Америка ва Африка қитъаларининг турли давлатларидаги музейларда ва шахсий коллекцияларда сақланаётган дурдона асарлар – археологик артефактлар, ноёб миниатюралар акс эттирилган нодир қўлёзмалар, амалий санъатнинг турли намуналарини каталоглаштириш ва тадқиқ қилиш ғоясига асосланганлиги қайд этилди.

Тўпламдан ўрин олган 12 мингдан ортиқ фотосуратларда халқаро миқёсда тан олинган дурдона асарлар ҳам, кам маълум бўлган ёки кенг жамоатчилик ва мутахассисларга мутлақо номаълум бўлган намуналар ҳам акс эттирилгани ва ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида баён қилинганлиги таъкидланди.

Эрнесто Оттоне Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўзида жамлаган мазкур китоблар туркуми учун миннатдорлик билдирди.

– Машаққатли меҳнат, вақт ва илмий-техник ресурсни талаб қилувчи ушбу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилганлиги билан Ўзбекистон вакилларини самимий қутлайман, – деди у. – Лойиҳа ўз моҳиятига кўра нодир ташаббус эканлигига ва бошқа мамлакатлар учун ҳам илғор тажриба сифатида намуна бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Шунингдек, мазкур тўплам ўзбек халқи учун ниҳоятда қадрли бўлган маданий меросни жамлашда катта рамзий аҳамият касб этади ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини дунё бўйлаб намойиш қилиш, хусусан, жаҳоннинг етакчи музейларида кўргазмалар ташкил этишда қўлланма бўлиб хизмат қилади.

ЮНЕСКО томони мазкур лойиҳа муаллифларини Ташкилот томонидан ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманларга ўз тажрибалари билан ўртоқлашишлари учун таклиф қилишларини билдирди.

Ўхшаш янгиликлар