• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳонда туя сути савдо ҳажми 10 баравар ошиб, 2030 йил арафасида 13 млрд долларга етиши мумкин (2022 йилда 1,3 млрд эди). Саудия Арабистони, БАА, Қозоғистон ва Мўғулистон каби мамлакатларда туя сути истеъмоли кундалик эҳтиёжга айланган, дейилади хабарда.

Буюк Британияда ҳам туя сути, сигир сути билан ёнма-ён, истеъмолчилар рўйхатидан жой олиши мумкин, деди Оксфорд университети доктори Ариэл Ахерн. Чунки Ғарб мамлакатларида ҳам туячилик фермалари пайдо бўляпти. Масалан, АҚШдаги энг йирик ферма Миссури штатининг тоғли қисмида жойлашган бўлиб, 200 дан зиёд туя боқилмоқда.

Сайёрамиз иқлимининг ўзгараётгани яшаш учун шароитларни тобора қийинлаштирмоқда. Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетган ва озиқ-овқат хавфсизлигига катта босим тушган минтақаларда қорамолчилик йўқолиб кетиши мумкин. Туялар эса чидамли.

Мўътадил иқлимга мослашган қорамолларга қараганда, туялар иссиққа ҳам, қурғоқчиликка ҳам бардошли. Уларни боқиш харажатлари ҳам ўзини қоплаб кетади.

Боқишга сарфланадиган сув ва ем-хашакни гўшт ва сут маҳсулотларига айлантириш самарадорлиги туяларда қорамолларга нисбатан юқори. Туядан бир литр сут олиш учун нисбатан анча кам емиш ва сув сарфланади. 2022 йилда ўтказилган тадқиқотлар кўрсатишича, экологик вазият мураккаблашиб бораётган шароитда Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубий қисмида қорамолларни туялар ва эчкиларга алмаштириш самара беради. Натижада сут ишлаб чиқариш ҳажман ошиб, сув ва ем-хашакка талаб камаяди.

Туя сути таркибида сигир сутига қараганда С витамини ва темир моддаси кўплиги аниқланган. Ҳатто лактозага бардошсиз одамлар ҳам туя сутини ичишлари мумкин. Унинг такибида ёғ миқдори оз. Қондаги қанд миқдорини озайтиради, диабетга чалинганларнинг инсулинга сезувчанлигини яхшилайди, иммунитет учун фойдали моддаларга бой, дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар