• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Оилавий болалар уйини ташкил этганларга ҳар ойда бюджетдан пул ажратилади.

Мазкур тартиб “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда Давлат бюджетидан:

– оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга БҲМнинг 5 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача тарбияланувчиларга БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн сўм) миқдорида;

– оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари – 920 минг сўм, ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари – 1 млн 380 минг сўм миқдорида;

– оилавий болалар уйига тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган болани даволаш-соғломлаштириш учун ҳар ойда БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида маблағ ажратилади.

Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларнинг яшаш харажатлари учун ажратилган маблағлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар тутинган ота-она номига очилган банк пластик картасига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.

Бундан ташқари, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга ҳудудда жойлашган давлат спорт мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар, тўгараклар, от спорти секциялари, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа ўқув марказларидаги тўгараклар ва курсларга бепул қатнашиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йилига бир маротаба соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш учун бепул йўлланмалар ажратилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан эса бир йилда икки маротаба республикамизнинг тарихий шаҳарларига бепул саёҳатлар ҳамда театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилади;

Ушбу қарорга мувофиқ, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан бир йилда икки маротаба бепул тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилади.

Маълумот учун, Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга мазкур қарорга мувофиқ берилаётган соғломлаштириш оромгоҳига ва саёҳатга бориш, театр томошалари ва концертларда қатнашишга оид имтиёзлар оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларнинг ўз фарзандларига ҳам татбиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз, янги тартибга кўра, бир оила камида 3, кўпи билан эса 5 нафаргача тим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбияларига олишлари мумкин. Бу эса , Оилавий болалар уйини ташкил этган оилалар ҳар ойда давлат бюджетидан камида 7,2 миллион сўм олади, деганидир.

 

Ўхшаш янгиликлар