• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Ўзбекистон сўнгги йилларда ЖСТга аъзо бўлиш учун кўп ва икки томонлама музокараларда яхши  натижаларга эришмоқда. Бу масала бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Ҳозирда 47 та мамлакат ишчи гуруҳ ишида қатнашмоқда. Йилда бир неча маротаба ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳида ишчи гуруҳ йиғилишлари ва аъзо мамлакатлар билан икки томонлама музокаралар ўтказилмоқда. Шу кунларда Ўзбекистондан катта делегация Швейцария пойтахтида бўлиб турибди.

Ўзбекистоннинг ЖСТ га аъзо бўлиши мамлакатимиз учун устувор вазифа. Давлат раҳбари бу бўйича аниқ кўрсатмалар берган. Айни пайтда  ишчи гуруҳ  билан кўп томонлама,  шунингдек аъзо мамлакатлар билан бирга-бир музокаралар ўзининг фаол фазасига чиқди. Бу масалада тизимли ишлар олиб борилаётганини Котибияти ҳам, аъзо давлатлар ҳам таъкидлашмоқда. 

Ташкилот сафига қўшилишга деярли тайёр турган қатор давлатларга Ўзбекистонни намуна қилиб кўрсатяпман, деди  ташкилот раҳбари Ивеалла хоним мамлакатимиз делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда.

Нгози Оконжо-Ивеала учрашувда Ўзбекистон етакчисининг  аъзолик масаласи ва бу жараёнга эътиборини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистонни ташкилот раҳбарининг ўзи ҳам тўлиқ  қўллаб-қувватлаяпти. Ҳар сафар мамлакатимиз делегацияси билан учрашганда  буни  катта ишонч билан такрорлашдан чарчамайди ва яқин истиқболда аъзо давлатлар қаторида кўришни исташини билдиради. Ивеала хонимннинг айишича, Ўзбекистонга бўлган эътибори ҳатто айрим давлатларнинг рашкини ҳам келтирмоқда.

Учрашувда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ўзбекистоннинг Бош музокарачиси Азизбек Урунов кўп ва икки томонлама музокараларда кўтарилаётган масалалар, котибиятга тақдим қилинган ҳужжатлар, миллий қонунчиликни  ЖСТ қоидаларига мослаштириш бўйича  амалга оширилаётган ишлар билан бош директорни таништиришди. Учрашувда маълум бўлганидек, тез орада Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистонга ташриф буюради.  Қилинаётган ишлар билан бевосита танишиб, аъзолик масаласини  мамлакат раҳбарияти билан муҳокама қилади. 

Ивеала хоним Ўзбекистоннинг ЖСТ га аъзо бўлиши йўлида қўяётган қадамларини қандай баҳолайсиз?

"Менинг фикримча ҳаммаси жуда яхши кетяпти. Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирмоқчиман.  Шахсан президент  қўллаб-қувватлаётгани учун Бош вазир ўринбосари, ЖСТ бўйича асосий музокарачиси ва бутун жамоа сезиларли натижаларга эришяпти. Ташкилотга аъзо бўлиш осон эмас. Албатта,  бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали кўп, аммо ишчи гуруҳ  доирасидаги кўп томонлама ҳамда Икки томонлама музокаралар фикримча муваффақиятли бўлмоқда. Олдимизда  босиб ўтиш керак бўлган йўл турибди ва бу борадаги ишлар тўғри йўналишда", - дея таъкидлади у. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖСТ га аъзо бўлиш учун  биринчи марта 1994 йилда ариза билан мурожаат қилган эди. 2005 йилда бу борадаги музокаралар тўхтаб қолган ва 2020 йилдан бошлаб қайта тикланган. Айни пайтда Ўзбекистон 11 та мамлакат билан музокараларни якунлади. 9 та давлат  билан маҳсулот ва хизматлар бозорига кириш юзасидан  протокол имзолади. Женевада яна қатор давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқда.

Ўхшаш янгиликлар