• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +8°C
Detail image

2023 йилнинг 1 сентябридан бошлаб банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 млрд сўмни ташкил этиши керак. Марказий банк тижорат банкларига огоҳлантириш билан чиқиб, бу талабни бажармаган банклар лицензияси чақириб олиниши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: Марказий банк

Апрел ойида, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш ва ресурс базасини кўпайтириш мақсадида, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилганди.

Унга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори:

  • 2023 йил 1 сентябргача 100 миллиард сўмни;
  • 2023 йил 1 сентябрдан 200 миллиард сўмни;
  • 2024 йил 1 апрелдан 350 миллиард сўмни;
  • 2025 йил 1 январдан 500 миллиард сўмни ташкил этади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров қатор банклар ҳозирда бу талабларга жавоб бермаслигига эътибор қаратди.

“1 май ҳолатига камида 8та банк яна уч ойдан кейин кучга кирадиган талабларга жавоб бермайди. Шулардан Пойтахтбанк, Равнақ банк, Мадад инвест банк ва Ўзагроэкспортбанк кеча ташкил бўлган эмас, эски банклар”,дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ҳолатга Марказий банк муносабат билдирди. Қайд этилишича, устав капитали миқдори белгиланган минимал талабларга жавоб бермайдиган банкларнинг лицензияси чақириб олинади.

“Марказий банк қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган вақтда, тижорат банкларига устав капиталини белгиланган миқдорга етказиш бўйича аниқ чораларни белгилаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган.

Устав капитали миқдори белгиланган минимал талабларга жавоб бермайдиган банкларга нисбатан қонун ҳужжатларига асосан бошқа банкларга қўшилиш тавсия этилади, акс ҳолда улардан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинади”, дейилади МБ ахборотида.

Ўхшаш янгиликлар