• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди, деб хабар беради ЎзА.

Кадр: YouTube

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК ходими ўзининг уч нафар жиноий шериги билан келишган ҳолда, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйида жойлашган ва Тошкент тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 30 сотих ер майдонини кўп қаватли турар жой барпо этиш учун ажратишни ваъда қилган. Улар ерни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ажратиб бериш эвазига қурилиш фирмаси раҳбаридан 420 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Сўралган пул маблағидан 42 минг долларини аванс сифатида олган вақтида улар Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ургут туманида яшовчи, икки нафар фуқаро (1997 ва 1998 йиллар туғилган) ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигига тегишли 50 сотих сувли ер майдонини фирибгарлик йўли билан харидорга 65 минг долларга сотишга келишгани аниқланган. Улар олдиндан 30 минг доллар олган вақтларида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Шунингдек, Жомбой туманида яшовчи 23 ёшли фуқаро ҳам Давлат кадастрлар палатасининг мазкур тумандаги филиали ходими билан келишган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 25 сотих бўш ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 24 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган.

Бундан ташқари, Давлат кадастрлар палатасининг Жиззах вилоятидаги туман филиалларидан бирининг раҳбари маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони ёнида жойлашган 38 сотих ер майдонини аукцион орқали сотиб олишда кўмаклашиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига ундан 6,5 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.

ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағидан 6 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Сирдарё туманида яшовчи фуқаро ҳам (1992 йилда туғилган) ўзганинг ишончига кириб, Гулистон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 6 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 0,25 гектар ерни 24 минг долларга сотишга уринган Кадастр агентлиги ходими ва унинг шериги қўлга олингани, Тошкент вилоятида 13,7 гектар ерни 3,4 млн долларга сотмоқчи бўлган инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ушлангани, Тошкентда ерни ноқонуний олиб бермоқчи бўлган хонанда ДХХ томонидан қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.

Ўхшаш янгиликлар