• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image

Давлат раҳбарининг тегишли қарорига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистонда гўшт ва сут нархини барқарорлаштириш бўйича янги чоралар тасдиқланган. 

Ҳужжатга мувофиқ, гўшт ва сут ишлаб чиқарувчиларига ажратиладиган субсисдия миқдори икки бараварга оширилган. Эндиликда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади. Бунда, субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинчалик озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади.

Бундан ташқари, озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади.

Яна бир муҳим жиҳат - гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.

Ўтган йили давлат томонидан чорвадорларга субсидия сифатида 58.5 миллиард сўм ажратилган. Ушбу маблағ гўшт ва сут ишлаб чиқаришни қоплаш, шунингдек зотли йирик ва майда қорамолларни импорт қилиш учун ишлатилган.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар-бир уй хўжалиги кунига 5 литр сут келтирадиган (25 минг сўм) битта сигирни парвариш қилиш учун кунига 27 минг сўм сарфлайди. Чорвачилик хўжаликлари бир сигирни парваришлаш учун кунига 31 минг сўм сарфлаб, эвазига 10-12 литр сут (50-60 минг сўм) олмоқда.

Ўхшаш янгиликлар