• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image


Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (CОP28) доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори Др. Гретел Агуилар билан учрашди.

Учрашув «Ўзбекистон» павильонида бўлиб ўтди. Вазир доктор Г. Агиларни бош директор лавозимига тайинлангани билан табриклади ва IUCN билан яқин ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма экологик лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирди.

Маълумот учун, Доктор Г. Агилар бу лавозимни 2023 йил 20-октабрда эгаллаган. Унга қадар, 2020-2023 йилларда Доктор Бруно Оберле директорлик қилган.

Учрашувда бугунги кунда умумий қиймати 22 миллион доллардан ортиқ бўлган қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш бошлангани, шундан 2 таси миллий ва 1 таси ҳудудий лойиҳа эканлиги таъкидланди. Лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерларни тиклаш, Ўзбекистоннинг қимматли ландшафтлари экотизимларини яхшилаш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, инсоний ва институционал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, учрашувда табиатни муҳофаза қилиш ва бошқариш режаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш, IUCN методологиясига мувофиқ янгиланган Ўзбекистоннинг янги Қизил китобини нашр этиш, ташкилот мутахассислари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, Бонндаги Атроф-муҳит ҳуқуқи маркази, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бошқарувни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Қолаверса, Марказий Осиёда биринчи IUCN ваколатхонасини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

«Бу ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Келажакда бу идора МДҲ мамлакатлари учун Марказий Осиёда марказ бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ваколатхона Марказий Осиё давлатлари, ҳамкорлар ва экспертлар ҳамжамиятлари билан яқинроқ алоқа ўрнатиш имконини беради», — дея қўшимча қилди вазир.

IUCNнинг Тошкентдаги ваколатхонасининг очилиш маросими келгуси йилнинг февраль ойида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (CМС CОП14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган. CОP14 давомида ИУCН павильони, қўшма тадбирлар ва кўргазмалар ҳам ташкил этилади.

IUCN келгуси йилда муҳим экологик конференциялар, жумладан, Абу Дабида 2024 йил 9-15 октябрь кунлари Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш конгресси (WWC), Брюгге (Бельгия)да эса 2024 йил 30 сентябрдан 10-октабргача Европа, Шимолий ва Марказий Осиё учун табиатни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий форум бўлиб ўтиши таъкидлади.

Ўхшаш янгиликлар