• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Дубайда ноқулай об-ҳаво сабабли 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қолиб кетгани аниқланди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Унга кўра, 16 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларида кучли жала қуйиши, сув тошқини юз бериши оқибатида Дубай халқаро аэропорти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатгани маълум қилинди. Халқаро аэропорт ҳудуди ва учиш-қўниш йўлаклари сув остида қолгани туфайли ички ва халқаро самолётлар парвози кечиктирилди ёки тўхтатилди. Айрим самолётлар Амирликларнинг бошқа аэропортларига йўналтирилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Дубай халқаро аэропортида қолиб кетган фуқароларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида аэропортда бўлди. Ватандошлар билан бўлиб ўтган суҳбат давомида маълум бўлишича, 2024 йил 16 апрель куни Дубай—Тошкент йўналиши бўйича парвозни амалга ошириши керак бўлган Centrum Air авиакомпанияси самолётининг учиши ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган. Ушбу ҳолат натижасида 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари 1 кун давомида Дубай халқаро аэропортининг кутиш залида қолиб келган.

Ҳамюртларни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ масалаларни ўрнатилган тартибда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси, Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари вакиллари Дубай халқаро аэропорти мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Музокаралар якунида Centrum Air компанияси йўловчилари бўлган юртдошларни Uzbekistan Airways компанияси самолётида Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисида келишиб олинди. Бортида ҳамюртлар бўлган Дубай—Тошкент йўналишидаги самолёт 17 апрель куни соат 22:30 да Ўзбекистонга учиб кетди.

Ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган ҳамюртларга Бош консулхона томонидан озиқ-овқат ва бошқа турдаги зарур маҳсулотлар тарқатилди.

Ўхшаш янгиликлар