• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.9°C
Detail image

Президент йиғилганларга яна бир муҳим хабарни маълум қилди, деб ёзяпти давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси лойиҳасини барпо қилиш бўйича дунёнинг шу соҳада энг илғор компаниялари билан музокара бошлангани таъкидланди.

“Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади. Бу нафақат Хоразм учун, балки республикамиз саноатининг флагмани бўлади. Саноатни ривожлантириш жамғармасидан Хоразмга 100 миллион доллари ажратиладиган бўлди. Урганч тумани “Чакка-шоликор” қишлоғида технопарк ташкил қилиш, йил якунигача электротехника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари йўналишида 100 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилди”, – деган Президент.

Бунга қўшимча ажратиладиган 25 миллион доллар ҳисобидан кичик ва ўрта саноат лойиҳаларига 1,5 миллиард сўмгача 18 фоиздан 7 йил муддатга кредитлар берилади.

Шунингдек, Хоразм тадбиркорлари учун қатор имтиёзлар белгиланган.

“Жумладан, импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Сотилган кўчмас мулк учун тўлов 3 ойда амалга оширилганда 25 фоиз чегирма берилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади”, – дейилади хабарда.

Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларини 50 фоизи Экспорт жамғармасидан қоплаб берилади.

Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар билан лак-бўёқ, шиша маҳсулоти ва электротехника йўналишида 300 миллион долларлик 4 та лойиҳа жойлаштирилади.

Урганч шаҳридаги “Ал-Хоразмий” мажмуасида саноат бинолари қурилиб, тадбиркорларга “тайёр ҳолда” топширилади.

Шунингдек, вилоятда хорижий инвесторлар билан биргаликда полипропилен, базальт маҳсулоти ва сендвич панел ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхона ташкил қилиш, ихчам қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, мебель ва нотўқима материал ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Ўхшаш янгиликлар