• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image
Тарихдаги энг машҳур икки томонлама жосуслар
Иккинчи жаҳон урушидан кейин социалистик лагер лидерига айланган СССР иккинчи қутб сифатида Ғарб билан тўқнаш кела бошлайди. Шунда ҳар икки томон жосуслик ўйинларига зўр беради. Бу рақобатда кўпроқ Ғарб ютиб чиқади. Чунки Ғарб ўлчовлари билан баҳолаганда, арзимаган маошга ишловчи КГБ ходимларини катта пул эвазига сотиб олиш осон эди. Ғарбдан эса фақат совет тарғиботига учган шахслар КГБга хизмат қилади.

Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси (ГРУ) ходимларидан жуда кўпчилиги АҚШ ёки Европа давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.

Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча МИ ва МРБ ходимлари советлар фойдасига ишлаган.

КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳламаганини айтган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган ва Ғарбга қочиб ўтган. Шундай бўлса-да, уларга МРБ ёки МИ томонидан катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари советлар томонидан тўланган мўмай пулга қизиққан.

Ҳар икки томон бир-бирига қарши жосусларни тайёрлар экан, улар турли усулларда ишларди. Масалан, “нолегал жосуслар” деб аталадиган жосуслар бошқа давлатга боргач, тамомила бошқа одамга айланар ва унинг америкалик ёки рус эканини ҳеч ким билмасди.

2020 йилда Россия федерал хавфсизлик хизмати совет даврида хорижда ишлаган ана шундай “нолегал жосуслар”дан бир гуруҳини ошкор қилди. Улар Ғарб давлатларида “испан”, “француз” бўлиб яшаган.

Яна бир тоифа жосуслар бор, улар икки томонга ҳам ишлайди ва икки томондан пул олади. Бундай жосуслар гарчи ўз давлатининг хавфсизлик хизматида ишласа ҳам рақиблар билан ҳамкорлик қилади.

Бундай жосуслар “икки томонлама жосуслар” деб аталади. Икки томонлама жосусликнинг бошланишига ҳам баъзида пул, бошқасида эса маълумот алмашиб туриш учун рақиб билан ҳамкорлик сабаб бўлади.

Аслида икки томонлама жосус бўлиш жуда хавфли иш. Бунда жосус исталган вақтда томонларнинг бирига қўлга тушиб қолиши эҳтимоли юқори. Бироқ катта пул туфайли жосуслар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам икки томонлама ишлаган.

Қуйида Ғарб ва советлар ўртасидаги кескин рақобат пайтида икки томонлама ишлаган энг машҳур жосуслар ҳақида сўз юритамиз.

Душан Попов

Фото: alamy.com
Ҳақиқий исм-шарифи Душко Попов бўлган Душаннинг лақаби “Уч велосипед” эди. Бундай лақаб олишига унинг уч томонлама жосуслиги сабаб бўлган.

Агент 007 Жеймс Бонднинг прототипи айнан Душан Попов узун бўйли, харизматик ва ўзига ишонган югославиялик адвокат иккинчи жаҳон уруши пайтида Британиянинг МИ-6 хизмати учун муваффақиятли ишлаган.

Душан немис тилида равон гапирган ва Гитлердан нафратланган ҳолда у немис разведка хизматлари билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Британия разведкаси Душанга дарҳол ишонмайди. Кейин эса уни ёллаш учун икки томонлама жосус бўлиб ишлаётган немис зобити Иоганн Жебсендан воз кечади.

Душан МИ-6 билан шахсан ўзи ишлаб чиққан кўринмас сиёҳ ва кодлаш ёрдамида алоқа қилади. Немис томони Жебсен фош этилганда ва у Душанни “сотганда” ҳам у билан ҳамкорликни давом эттиришади.

1941 йилда Душан ракета тизимлари ҳақида маълумот олиш учун немислардан кўрсатма олади ва АҚШга борди. Жосус у ерда дарҳол МРБ директори Эдгар Гувер билан боғланиб, АҚШ фойдаси учун ишлашга ҳам рози бўлади.

Шу тариқа у уч томонлама жосусга айланади. Бироқ америкаликлар унинг немислар билан ҳам ҳамкорлик қилишини сезиб қолишгач, Душан билан ишлашни тўхтатишади.

Ҳатто унинг японлар тез орада америкаликларнинг Пёрл-Ҳарбор базасига ҳужум қилиши ҳақидаги муҳим маълумотини ҳам эътиборсиз қолдиришади.

Душан югославияликлар учун Душко бўлса, немис ҳужжатларида у “Иван”, британияликлар учун “Трицикл” деб қайд этилган.

1912 йилда туғилган Душан Попов урушдан сўнг узоқ йиллар яшайди ва 1981 йилда Францияда вафот этади.

Ҳали Душан ҳаётлик чоғларидаёқ британиялик ёзувчи, Жеймс Бонд ҳақидаги романлар муаллифи Ян Флиминг ўз асарларига бош қаҳрамон сифатида айнан югославиялик жосус фаолиятини асос қилиб олган эди.

Артур Оуэнс

Фото: warhistoryonline.com
Артур Оуэнс ҳам Душан Попов каби Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир вақтнинг ўзида Британиянинг МИ-5 ва немисларнинг Абвер разведка хизмати билан ҳамкорлик қилган.

Артур кемалар учун аккумлятор ишлаб чиқарувчи компанияга раҳбарлик қилган. У Британия флотининг асосий таъминотчиси бўлиш билан бирга Германия флотига ҳам ўз маҳсулотларини сотган.

Артур МИ-5 билан ҳамкорликни 1936 йилдан бошлаган. Ўшанда у инглизларга ўзи аккумлятор сотган немис кемалари ва уларнинг имкониятлари ҳақида маълумот етказган.

Кўп ўтмай немислар ҳам у билан айнан шу масалада алоқага чиқишади. Миллати валлийлардан (Уэлсда яшовчи кам сонли этник гуруҳ) бўлган Артур инглизларни унча ёқтирмагани учун ҳам немислар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади.

Артур уларга Британия кемалари ҳақида маълумот бера бошлайди ва шу тариқа икки томонлама жосусга айланади. Немислар уни “Жонни” ва “Бирмен” деб аташади.

Кейинроқ, Европада сиёсий вазият кескинлаша бошлагач Артур немисларга пул эвазига Британия қуроллари, аэродромлар, ҳарбий базалар ва омборларнинг жойлашуви ҳақида маълумот беради.

1939 йилда Германиянинг Полшага бостириб кириши ортидан Британия бу давлатга уруш эълон қилади. Шунгача Артур немислардан олган пуллари ҳисобидан анча маблағ ишлаб олган эди. У электр жиҳозлари сотувчиси ниқоби остида мамлакат бўйлаб эркин саёҳат қиларди ва маълумот тўпларди

Уруш бошлангач Артур МИ-6 билан боғлайди ва салмоқли миқдордаги мукофот пуллари эвазига инглизлар билан ҳам ҳамкорлик қила бошлайди. Ўша пайда инглизлар унинг немислар билан ҳамкорлиги ҳақида билмасди.

Артур инглизларга энг аввал ўзи маълумотга эга бўлган немис жосусларини “сотади”. Унинг ёрдами билан Британия разведкаси 120 дан ортиқ немис жосусларидан иборат тармоқни фош этишга муваффақ бўлади.

Артур жуда эҳтиёткорона ишларди. Шу сабабли уруш тугагач МИ-6 унинг немислар билан ҳамкорлик қилганидан бехабар қолади. Артур эса урушдан сўнг британияликлардан салмоқли мукофот пулларини олади ва нафақага чиқади.

Артур Оуэнс 1957 йилда 58 ёшида вафот этади. Унинг немислар билан ҳамкорлик қилгани ўлимидан сўнг ошкор бўлади.

Олдрич Эймс

Фото: alamy.com
Олдричнинг отаси МРБ ходими эди. У мактабни битиргач МРБга отасининг ёнига боради ва марказий идорада архив хизматида ишлайди. 1960-йилларда Олдрич университетда ўқиш билан бирга МРБнинг у ердаги “қулоғи”га айланади. 1969 йилда у МРБ ходими бўлган Нэнси Сегебартга уйланади. Бу пайтда у МРБнинг тўлақонли ходимига айланиб улгурганди.

Олдрич КГБ билан ҳамкорликни 1985 йилда бошлайди. Ўшанда у СССРнинг Вашингтондаги элчихонасига бориб, пул эвазига ўз хизматини таклиф этади. Бошлиғига эса совет элчихонаси ходимларини ўз томонига оғдириш пайида бўлаётгани ҳақида айтади.

Олдрич КГБ билан 9 йил (СССР парчалангунча 6 йил, Россия мустақил бўлгач 3 йил) ҳамкорлик қилади. Шу давр мобайнида у МРБ фойдасига ишлаб келаётган 12 нафар (бошқа манбаларда 25, ҳатто 40 нафаргача ҳам дейилган) КГБ ва ФСБ ходимларини ушлаб беради.

Натижада СССРда КГБ ва ГРУнинг ўндан ошиқ юқори лавозимли зобитлари қўлга олинади. Уларнинг 10 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинади. Қолганлар узоқ муддатга қамалади.

Бу давр мобайнида аввалига советлар, кейин эса руслар унга миллионлаб доллар тўлашади. Маълумотларга кўра совет разведкаси тарихида энг катта пул айнан Олдричга тўланган.

Олдрич анчайин очкўз ва ҳашаматга ўч инсон бўлган. Шу туфайли у МРБ томонидан фош этилади. МРБ Олдричдан шубҳаланиб текширганда унинг ярим миллион долларга Вашингтон яқинида уй олгани, қимматбаҳо Ягуар машинасида юриши, шунингдек, хотинининг номида иккита квартира борлиги аниқланади.

1994 йилда Олдрич ва унинг хотини Марияни Вашингтон шаҳар четида жойлашган уйида ҳибсга олишади. Қўлларига кишан тақилаётганда Олдрич “Сизлар жуда катта хатога йўл қўйяпсизлар. Сизлар бошқа одамни ушладинглар”, деб бақиради.

Терговда Олдрич барча айбларини тан олади. 1994 йилда суд Марияга 5 йил, Олдричга умрбод қамоқ жазосини беради. Ҳозир у Индиана штатидаги қаттиқ режимли Терре-Хот қамоқхонасида жазо ўтаяпти.

Ким Филби

Фото: alamy.com
Ким Филби узоқ йиллар давомида МИ-6 да ташқи разведка бошлиғи бўлиб ишлаган. Хизматлари учун Британия империяси ордени билан тақдирланган.

Бироқ ўша даврда у “ҳаммани тенг ҳуқуқли қилиш” ҳақида даъво қилаётган советлар таъсирига тушиб қолади ва НКВД билан ҳам ҳамкорлик қила бошлайди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида у “Кембриж бешлиги” деб аталган, советларга “сотилган” британиялик жосуслар тармоғига раҳбарлик қилади. Бу гуруҳ аъзолари уруш пайтида советларга жуда кўп махфий маълумотларни беришади. Маълумотларга кўра улар 914 та махфий ҳужжатни Москвага топширади.

Уруш тугагандан сўнг британияликлар Ким Филби ва унинг гуруҳидан шубҳалана бошлашади. Натижада 1950-йиллар бошларида гуруҳ аъзоларидан икки киши СССРга қочади.

Гуруҳ аъзоси бўлган Энтони Блант СССРга қочишни рад этади. Унга Москвага қочиш таклиф этилганда шундай деб жавоб беради:

“Мен совет халқи қандай оғир аҳволда яшаётганини жуда яхши биламан. Мен ундай ҳаётни ўзимга раво кўрмайман. Шу сабабли мен учун СССРда яшаш маънисиз ва мантиқсиз бўлади”.

Ким Филби 1963 йилда АҚШда юрганида фош бўлади ва у ҳам СССРга қочиб келади ва шу ерда совет фуқароси бўлган аёлга уйланади.

Ким Филби СССРда яшар экан, бу ердаги ҳаёт Лондондагидан кескин фарқ қилишини кўради. Оддий шароитга кўникиши қийин бўлади. Бироқ ортга йўл йўқ эди.

Ким Филби 25 йил Москвада яшайди ва 1988 йилда 76 ёшида вафот этади.

Олег Пенковский

Фото: soft-commander.net
СССР Қуролли кучлари бош штабига бўйсунувчи Ташқи разведка хизмати полковниги бўлган Олег Пенковский Британиянинг МИ-5 ва МИ-6 разведка хизмати билан ҳамкорликни 1950-йиллар охирида бошлаганди.

Совуқ уруш даврида Ғарбнинг энг муҳим жосусларидан бири бўлган Олег СССРнинг ядровий кучлари (жумладан, Кубадаги) ва Хрушчевнинг режалари ҳақидаги 5 500 та ҳужжатни МИ-6га юборган.

Аксарият тарихчилар ва бошқа мутахассислар унинг бу иши ядро уруши бошланишининг олдини олган дейишади.

Гап шундаки, ўшанда Олегнинг “сотқинлиги” эвазига АҚШ СССРда қанча ядро қуроллари ва қандай турдаги ракеталар борлиги ҳақида тўлиқ маълумот олади. Шундан сўнг президент Кеннеди советлар билан тўқнашиш оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ўйлаб тийилади.

КГБ Пенковскийдан 1961 йилда гумон қила бошлаган. У 1962 йил октябр ойида ҳибсга олинган ва расмий маълумотларга кўра, 1963 йилда отиб ташланган.

Бироқ бошқа маълумотларга кўра, Олег КГБ ходимлари томонидан крематорий печида тириклайин ёқиб юборилган. Жараён кинокамерага ёзиб олиниб, кейинчалик КГБ ва ГРУ ходимларини қўрқитиш учун уларга кўрсатиб турилган.

Хуан Гарсия Пужол

Фото: xlsemanal.com
Хуан Пужол 1912 йилда туғилган Барселонада туғилган. Кейинчалик у Испания фуқаролар уруши бошланганда дўконда сотувчи бўлиб ишлайди.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Хуан Британия ва Америка разведкаси билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилади. Аммо оддий сотувчининг маълумотлари уларга қизиқ туюлмайди.

Шундан сўнг Хуан ўз хизматларини немис разведкасига таклиф қилади. Немислар ҳамкорликка рози бўлишади ва унга Буюк Британияда жосуслик тармоғини ташкил этиш бўйича топшириқ беришади.

Инглиз тилини билмагани учун Хуан Лондонга эмас, Португалия пойтахти Лиссабонга боради. Бироз вақт ўтгач у ердан немисларга гўёки Англиядан олинган маълумотларни топширади.

Хуан бу маълумотларнинг бир қисмини очиқ манбалардан (қўлланмалар, газеталар ва рекламалардан) олган, қолганларини ўзи ўйлаб топганди.

Шу тариқа Хуан сохта жосуслар тармоғини ўйлаб топади ва немисларга узуқ-юлуқ маълумотлар жўнатишда давом этади. Немислар Лондондан Хуан билан ишлаётган жосусларни қидира бошлашганда Британия разведкаси у билан қизиқиб қолади.

Истеъдодли фирибгар бундан ҳам фойдаланиб қолади ва ўз фаолиятини давом эттириб, энди инглизларга ҳам унча муҳим бўлмаган маълумотларни бера бошлайди.

У немисларга юбораётган маълумотларни Ахборот вазирлигида ишловчи назоратчи (цензор), офис ходими, Британиядаги америкалик аскар, голландиялик стюардесса ва фашизмга ҳамдард бўлган уэлслик жосуслар номидан юбориб турган.

Гарчи Хуаннинг ёлғон ёки муҳим бўлмаган маълумотлари ва ҳисоботлари бироз кечикиб борса ҳам немислар бу фидойи испаниялик ва у ёллаган жосусларнинг “Англияда бажараётган ишларидан” шубҳаланишмайди.

Бу орада Хуан юборган нотўғри маълумотлар туфайли немис қўмондонлиги иккита операцияда катта талафот кўради. Биринчисида, жосуснинг маслаҳатидан сўнг немис қўшинлари нотўғри жойга жойлашади.

Иккинчисида Германия раҳбарияти 1944 йилда иттифоқчиларнинг Нормандияга бостириб кириш вақти ва жойи ҳақида нотўғри маълумот олади ва оқибатда жиддий йўқотишларга учрайди.

Хуан икки томонлама жосус ролини қойиллатиб ўйнар экан, инглизлар уни Британия империяси ордени билан, немислар эса Темир хоч билан тақдирлашади. Бироқ уруш давом этаётгани учун Хуан уларнинг иккаласини ҳам олишга муваффақ бўлмайди.

Уруш тугар экан, Хуан ўз хавфсизлигини таъминлаш учун 1945 йилда ўз ўлими ҳақида сохта ҳужжатлар қилдиради. Сўнг исм-шарифини алмаштириб Венесуэлага кўчиб ўтади.

Хуан Жанубий Америкада китоб дўкони очади ва яна 40 йил яшаб, 1988 йилда вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

arenda kvartira tashkent


Ўхшаш янгиликлар