• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image

Ғазо секторидаги «Аш-Шифо» тиббиёт мажмуаси ҳудудидан яна бир биродарлик қабрлари топилди. Фаластин тиббий гуруҳлари ҳозирча 49 та жасадни чиқариб олди. Қидирув ишлари давом этмоқда.

2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган Исроил аскарлари томонидан кўп сонли фаластинликлар оммавий қабрларга кўмиб юборилгани айтилмоқда.

Сўнгги ойларда Ғазода камида 7 та биродарлик қабрлари (учтаси «Аш-Шифо», учтаси «Носир» ва биттаси «Камол Адван» шифохонасида) топилган. Ушбу оммавий қабрларга камида 520 та жасад кўмилгани аниқланган. 

Шифохоналар ҳудудидан биродарлик қабрлари топилиши ортидан БМТ халқаро ҳамжамиятни текширув ўтказишга чақирган.

Оммавий қабрларга кўмилган майитларда қийноқ аломатлари қайд этилган. БМТ экспертлари одамлар тириклай кўмилган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган. 

Аввал хабар берганимиздек, Ғазо аҳли шахси аниқланмаган 100 га яқин жасадни биродарлик қабрига кўмган.

Қароргоҳи Женева шаҳрида (Швейцария) жойлашган Euro-Med Human Rights Monitor ташкилоти Ғазода Исроил ҳарбийлари қўлига тушган жасадларнинг буйрак, жигар, юрак каби аъзолари йўқолгани ҳақида хабар берган. Ташкилот Исроилни халқаро ҳуқуққа мувофиқ жасадларни ҳурмат қилишга ундаган.

Етти ойдан зиёд муддат давом этаётган уруш мобайнида Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисидан 85 фоизи яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлди. Исроил ҳарбийлари ҳужумлари оқибатида 34844 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 78404 нафари жароҳатланди. Вайрон бўлган бинолар остида қолган 10 минг нафар фаластинлик ҳозирча «дараксиз йўқолган» деган мақомда.

Ўхшаш янгиликлар