• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқилади.

Мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг март ойида солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 фоизга ошди. Шу билан бирга, солиқ тушумлари Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.  

Солиқ тушумлари манбалари бўйича мол-мулк солиғидан олинадиган даромад 31 фоизга, ер солиғи 30 фоизга ва даромад солиғи 17 фоизга ошди. Божхона тўловлари бўйича тушумлар 20,3 фоизга ошди. Энг сезиларли ўсиш Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида қайд этилди.  

Божхона тушумларининг ўсиши асосан, транспорт ускуналари ва унинг бутловчи қисмлари, металл ва металл буюмлар, техник жиҳозлар ҳамда электротехника ва унинг таркибий қисмлари каби маҳсулотлар импортининг кўпайиши билан боғлиқ.  

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, товарлар экспорти 5,8 фоизга ошган. Экспорт ҳажми энг юқори бўлган ҳудудлар Навоий, Қашқадарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари бўлди.  

Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 0,2 фоизга ошди. Кредитлар бериш бўйича энг катта ўсиш Навоий вилоятида (8,4 фоизга) ва Тошкент шаҳрида (10,5 фоизга) қайд этилди. Ой давомида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида битимлар 50,1 фоизга ўсди. Биржа фаолияти ўсишини таъминлаган вилоятлар Жиззах, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлди.  

Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, суюлтирилган газ, автомобиль бензини, минерал ўғитлар, қурилиш ва маиший материаллар, буғдой уни, техник уруғлар, буғдой, рангли металлар, дизель ёқилғиси, шакар, қора металлар ва полиетилен каби товарларни сотишни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.  

Март ойида 19,4 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (4 107 та), Самарқанд (1 945 та), Фарғона (1 667 та), Тошкент  вилоятларида (1 569 та) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (944 та) рўйхатга олинган.  

Ўхшаш янгиликлар