• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ ҳолатни таҳлил қилди.  

2022-2023 йиллар давомида «Ерхусусийлаштириш» ААТ орқали юридик ва жисмоний шахслар томонидан жами 56 988 та мурожаат давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталига (my.gov.uz) ўзига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириш учун тақдим этилган.

Хусусийлаштириш борасидаги мурожаатлар 2022 йилда 30 423 та (жисмоний шахслардан 29 339 та (96,4 фоиз), юридик шахслардан 1 084 та (3,6 фоиз)), 2023 йилда 26 565 та (жисмоний шахслардан 25 536 та (94 фоиз), юридик шахслардан 1 029 та (6 фоиз)) ташкил этган.

“Ягона интерактив давлат хизматлари портали” орқали 2022 йилда 21 888 та, 2023 йилда 14 657 та мурожаат (жами – 36 545 та (64,1 фоиз)) юборилган бўлса,  “Давлат хизматлари маркази” орқали 2022 йилда 8 535 та, 2023 йилда 11 908 та мурожаат (жами – 20 443 та (35,9 фоиз)) юборилган.

Таҳлил натижасида 2022-2023 йилларда республика бўйича ерларни хусусийлаштириш учун энг кўп мурожжат қилган ҳудудлар аниқланди. Булар: Хоразм (21,2 мингта), Тошкент (4,6 мингта), Қашқадарё (4,4 мингта), Сурхондарё ва Наманган вилоятлари (3,9 мингта) ҳамда Тошкент шаҳри (3,5 мингта).

2022-2023 йилларда ваколатли ташкилотлар томонидан жами кўриб чиқилган 56 988 та мурожаатга қурилиш бўлимлари 65,1 фоиз ижобий, 34,9 фоиз салбий, кадастр филиаллари 44,7 фоиз ижобий, 55,3 фоиз салбий хулоса берган. Натижада ижобий хулосалар асосида ер участкаларини хусусийлаштиришдан тегишли бюджет ва жамғармаларга жами 107,8 млрд. сўм келиб тушган.

Бошланғич ҳисоб-китобларга кўра, республикада шаҳарсозлик жиҳатидан хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган ерларнинг хусусийлаштирилишидан тегишли бюджет ва жамғармаларга қўшимча 6,63 трлн. сўм маблағни йўналтириш имконияти мавжуд.

Ер аукцион савдоларини янада такомиллаштириш учун қуйидаги таклифларни билдириш мумкин:

Тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш ҳамда аҳолининг катта қисмини қамраб олиш учун бу жараёнда туман (шаҳар) ҳоким ёрдамчиларининг иштирокини кучайтириш ва бунда ижтимоий тармоқлардаги каналлардан самарали фойдаланиш лозим.

Юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли ерларни хусусийлаштириб, уларни гаровга қўйиш эвазига банк муассасаларидан кредит маблағларини олиш имкониятини яратиши, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 420-сонли қарорига тегишли ўзгартишлар киритилиши зарур.

Ўхшаш янгиликлар