• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18.1°C
Detail image

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик мажмуасининг Конгресс-марказида ўтказиладиган “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида Осиё хотин-қизлари форумига тайёргарлик жараёнлари амалга оширилмоқда.

Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида илгари сурилган эди.

Форумда Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Форум 10 та параллель сессия доирасида ўтказилади. Иштирокчилар хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалаларини муҳокама қиладилар.

Бундан ташқари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилади. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бизнес ва жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг ўрни, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, молиявий имкониятлардан фойдаланишда гендер тафовутни бартараф этиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

«Яшил» иқтисодиётни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларга таъсири масаласида ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибаси ва инновацион ёндашувлари ҳам кўриб чиқилади. Форум якуни бўйича Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши назарда тутилган.

Ўхшаш янгиликлар