• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

— Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди депутат Мадина Баратова. — Ушбу қонун лойиҳаси билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ногиронлиги бўлган шахсларнинг судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, мультимедиа воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ёрдамида таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция асосида ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун фойдаланиш мумкин бўлган мулоқот шаклларини, шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларини ушбу тоифадаги шахсларга тўсиқсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида қўмитамиз томонидан ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилди. 

Муҳокамаларда берилган ҳар бир таклиф ва тавсиялар таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти қонун лойиҳаси матнида акс эттирилди. Хусусан, лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг номи ҳамда муқаддима қисмига таҳририй тузатишлар киритилди.

Моддама-модда муҳокамаларда депутатлар айрим норма ва тушунчалар бўйича савол ва таклифларни ўртага ташлади ва масъуллардан тегишли жавоблар олинди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шарт-шароитларни янада кенгайтиришга хизмат қиладиган мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Ўхшаш янгиликлар