• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Марказий банк август ойида 2 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциясини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар бермоқда.

Банк назорати қўмитаси томонидан ўтган ойдаги йиғилишларда 42 та масала кўрилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 30 та масала кўрилиб, шундан 7 таси кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни, 1 таси микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш борасида бўлган.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала — Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотида ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижаси ҳам муҳокама қилинди.

Ўрганиш ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 2 та банк, 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Бундан ташқари, регулятор томонидан 7 та микромолия ташкилоти, 2 та тўлов тизими операторлари ва 27 та банклар огоҳлантирилди.

Улар тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг устав фонди ва ташкилий-ҳуқуқий шаклига қўйилган талабларни бажармаган. Шунингдек, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари бажарилишига, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилмаган.

Шунингдек, аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чораларни кўриш, пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиниши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўхшаш янгиликлар