• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image

Хитой мудофаа вазири Донг Жун Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан видеоконференция орқали мулоқот қилди. Хитой ҳарбий департаментининг хабар беришича, мамлакатлар икки томонлама муносабатлар, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик ва Тайван масаласини муҳокама қилган. Бу Хитой ва АҚШ ҳарбий департаментлари раҳбарларининг 2022 йилдан буён илк бор суҳбатидир. 

"Қўшма Штатлар Хитойнинг қатъий позициясини тан олиши, мамлакатимизнинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий суверенитети ҳамда денгиз ҳуқуқлари ва манфаатларини чин дилдан ҳурмат қилиши, минтақавий тинчлик ва икки мамлакат, шунингдек, икки ҳарбий ўртасидаги муносабатлар барқарорлигини таъминлаш учун амалий чоралар кўриши керак", деди Жун Донг суҳбат давомида.

Бундан ташқари, ХХР мудофаа вазири Хитой ва АҚШ ҳарбийлари алоқа ўрнатиш йўлини топиши ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш ҳамда хавфсизлик кафолатларига эришиш учун “очиқ ва прагматик ҳамкорлик”ни таъминлаши кераклигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ллойд Остин Қўшма Штатлар “ягона Хитой” тамойилига содиқ эканини таъкидлаб, минтақада халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилиш зарурати ва Шимолий Кореядан бўлаётган провокациялардан хавотирларни муҳокама қилди. Томонлар, шунингдек, Украинадаги можаро юзасидан фикр алмашди, деди Пентагон.  

Хитой ва АҚШ ҳарбий идоралари ўртасидаги мулоқот ХХР қарори билан 2022 йилда вақтинчалик тўхтатилган эди. Бунга АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг 2022 йил ёзида Тайванга сафари сабаб бўлди. Хитой ташрифга қарши чиқди.

2 апрель куни Хитой раҳбари Си Сзинпин ва АҚШ президенти Жо Байден телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари Хитой-Америка муносабатлари ва уларни барқарорлаштириш, Украинадаги можаро, Тайван муаммоси, инсон ҳуқуқлари, Корея ярим оролидаги вазият, ҳарбий ҳамкорлик ва сунъий интеллект билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўхшаш янгиликлар