• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Германия ҳукумати 2030 йилгача мамлакатда уйсизлар сонини ноллаштирмоқчи. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Федерал Вазирлар маҳкамаси муаммони ҳал қилиш режасини қабул қилди ва зарур чора-тадбирларнинг бир нечта йўналишларини белгилади. Асосий мақсад — келгуси йилларда уйсиз қолган барча Германия аҳолисини муносиб уй-жой билан таъминлаш. Шунингдек, профилактика чоралари ва мамлакат бўйлаб “ёрдам ва қўллаб-қувватлаш тизими”ни яратиш режалаштирилган.

Фавқулодда вазиятларда ҳокимият уй-жой билан таъминлайди. Тиббий суғуртаси бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этиш, уларнинг рақамли технологиялардан фойдаланишини таъминлаш, бошпанасизларни камситишга қарши курашиш ҳам режалаштирилган.

“Бу мақсадларга эришиш учун Германия ҳукумати уйсизликка қарши миллий форум ташкил қилади”, — деб ёзади AFP.

Cаритас хайрия ташкилоти раҳбари Эва Мария Велскоп-Деффанинг таъкидлашича, режанинг қабул қилиниши федерал ҳукумат уйсизликка қарши курашни маҳаллий ҳокимият ихтиёрига қолдирмаслигига “кучли сигнал”дир.

Ўз навбатида, Германия шаҳарлари уюшмаси бош директори Ҳелмут Деди федерал ва штат ҳукуматларини етарли миқдорда арзон уй-жой қуриш учун кўпроқ ёрдам беришга чақирган.

Германиядаги уйсизларнинг ҳақиқий сонини аниқлаш қийин. Бошпанасизларга ёрдам бериш бўйича федерал ишчи гуруҳ маълумотларига кўра, 2022 йил июнь ойи охирида 447 мингга яқин одам уйга эга бўлмаган. Уларнинг ўн мингдан ортиғи кўчада яшаётгани тахмин қилинмоқда.

2023 йил бошпана ва бошқа муассасаларда жойлашган уйсизлар сони 372 минг нафарни ташкил қилган. 2022 йил январь охирида бу кўрсаткич 178,1 минг эди.

“Ўсиш ушбу кўрсаткичларни рўйхатга олиш яхшилангани, шунингдек, Украинадан маълум миқдордаги қочқинларнинг келиши билан боғлиқ”, — деб ёзади AFP.

Ўхшаш янгиликлар