• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Наманган шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали «Тошкент-Истанбул-Мадрид-Тихуана» йўналишида Америка Қўшма Штатларига юбориш ҳамда бунинг учун зарур бўладиган виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 334 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса ДХХ ходимлари томонидан прокуратура ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 3 нафар фуқарони АҚШга боришлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва виза олиб бериш бериш эвазига 42 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 28 800 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг алдов йўли билан ишончига кириб, унинг номига виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, “Туркия-Европа давлатлари-Мексика” йўналишида айланма йўллар орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 17.500 АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, у олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Учқудуқ туманида истиқомат қилувчи шахс фуқарони Туркия ва Мексика давлатлари орқали Қўшма Штатларга юбориш ва у ерда ишга жойлаштириш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи, 1988 йилда туғилган шахс Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қўшма Штатларга ишга юборишни ваъда қилиб, бу каби ишларни қилишга ваколати бўлмасада, дастлаб, 2023 йилнинг апрель-май ойларида 14300 АҚШ долларини олиб, уни айланма йўллар билан Жанубий Африка Республикасига юбориб, уни бошқа давлатда чорасиз ҳолатда қолдиради ва вазиятни ўнглаш, яъни уни Америкага ўтказиш учун унинг отасидан қўшимча 6700 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар