• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image

Баҳорда тез-тез ёмғир ёғиши туфайли дала-даштларда қўзиқоринлар кўпаяди. Бундай пайтда уларни билиб-билмай истеъмол қилиш гоҳида нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Чунки ушбу табиат неъматининг айрим турлари ўта заҳарли бўлиб, инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Айниқса, қўзиқоринларнинг моғорлаган, шиллиқ билан қопланган ва узоқ муддат туриб қолганлари истеъмол қилинганда организмга жиддий зарар етказиши ҳеч гап эмас.

"Ўзбекистон заминида замбуруғларнинг 200 га яқин тури аниқланган. Шундан 20 га яқини истеъмол учун яроқли. Баҳор ва куз фасли қўзиқоринни севиб истеъмол қилувчилар учун қулай фурсат ҳисобланиб, кўча-кўйлар, катта автомагистрал йўлларда айрим шахслар томонидан қўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади", — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Жуман Тўйчиев.

Унинг истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли турларини бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Яроқлиларига — оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньон ва опёнок кабилар, заҳарлиларига — қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин, сохта шампиньон ва бошқалар киради.

Айниқса, рангсиз қурбақасалла турдагиси энг заҳарли бўлиб, унинг озгина миқдори ейилганда ҳам киши ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин. Тузланган ёки маринадланган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши эҳтимоли юқори.

Бундан ташқари, унинг "сморчок" ва "строчок" турларидан нотўғри таом тайёрланиши ҳам заҳарланишга сабаб бўлади. Чунки унинг таркибида зарарли гельвелат кислотаси бўлиб, у сувда яхши эрийди. Шу сабабли ушбу қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.

Шунингдек, автомагистрал йўл ёқалари, кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Сабаби машиналардан чиқадиган ис гази ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар таркибига сингдириб олиши мумкин. Яъни бундай ҳолларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин.

Одатда ушбу маҳсулотни тановул қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади. Бундай пайтда касаллик белгилари унинг турига қараб, турлича намоён бўлади.

Асосан беморда асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўнгил айниши, қайт қилиш, кучли бош оғриғи, ҳолсизлик, қорин соҳасида қаттиқ оғриқлар, бош айланиши, ич кетиши, кўздан ёш оқиши каби белгилар кузатилади.

Шунингдек, томир уриши секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш, титраш кузатилади. Кўз қорачиғи кенгаяди ёки тораяди. Заҳарланган инсонга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан сўнг соғайиб кетади. Акс ҳолда, беморнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

Бундай нохуш ҳолатлар кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши лозим. Бозорлар ва савдо дўконларидан ушбу маҳсулотни харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилишингиз зарур.

Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофлари, кўча-кўйларда аҳоли томонидан сотилаётган қўзиқоринларни асло харид қилмаслик керак.

Энг тўғриси, уни турғун савдо шохобчалари, белгиланган жойлардан сотиб олинг ва маҳсулот сифатини кафолатловчи тегишли ҳужжатлар борлигига эътибор қаратинг.

Ўхшаш янгиликлар