• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Қозоғистоннинг ноқонуний активларини қайтариш бўйича комиссияси аввалроқ қозоғистонлик олигархларга тегишли бўлган 40 миллиард тенгени (90 миллион доллардан ортиқ) мамлакат фойдасига мусодара қилганди.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, маблағлар ижтимоий мақсадларга, жумладан, сув тошқини оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади.

“Умумий қиймати 40 миллиард тенгедан ортиқ бўлган ноқонуний йўл билан олинган активларни (шундан 38 миллиарддан ортиғи нақд пул маблағлари) шунингдек, Остонадаги 2 миллиард тенгелик бизнес марказини ихтиёрий равишда давлатга қайтариш бўйича келишувлар тасдиқланди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, комиссия 7 миллиард тенгелик (16 миллион доллар) инвестиция шартномаларини имзолашни маъқуллади. Уларга кўра, ноқонуний йўл билан олинган активларни қайтариш бўйича қонунга бўйсинувчи шахслар Остона ва Чимкентда иккита инфратузилма объектини қуриши керак бўлади. Ҳукуматнинг аниқлик киритишича, бу янги иш ўринлари яратиш ва қўшимча солиқ тушумларини таъминлайди.

2023 йил июль ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ноқонуний йўл билан олинган, шунингдек, мамлакатдан ташқарига ўтказилган активларни қайтариш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Мамлакат расмийларининг аниқлик киритишича, бу ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларга тегишли.

Қозоғистонда сув тошқинлари март ойи охирида бошланган. Мазкур табиий офат охирги 80 йил ичидаги республикадаги энг катта офатга айланди.

Ўхшаш янгиликлар