“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ўзининг раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилгани ҳақидаги Исроил даъволарини тасдиқлади. Маълум қилинишича, Насруллоҳ 27 сентябр куни Исроилнинг Байрутга йўллаган зарбалари оқибатида ҳалок бўлган.
“Ционистларнинг жанубий ҳудудларга босқинидан сўнг [...] ватандошларга ҳамдардлик ва таъзия изҳор этамиз. “Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти [...] душманга қарши курашиш, Ғазо ва Фаластинни қўллаб-қувватлаш, Ливан ва унинг собит ва ҳурматли халқини ҳимоя қилишда жангларни давом эттиришга ваъда беради”, – дея гуруҳнинг баёнотини келтирмоқда Al-Jazeera.
Исроил армияси жума куни кечқурундан буён “Ҳизбуллоҳ”нинг 140 дан ортиқ нишонларига зарба берган. Жумладан, “Байрут ҳудудидаги турар-жой бинолари остидаги” инфратузилма объектларига ҳам зарба берилган.
Байрутга ҳужумларнинг сўнгги тўлқини Ливан пойтахтининг зич жойлашган жанубий чеккасидаги кўплаб турар-жой биноларини вайрон қилган. Натижада минглаб одамлар уйларини ташлаб кўчаларга чиқишга мажбур бўлмоқда.