• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image
Президентга “Ғалаба боғи”га ташрифи чоғида унинг ҳудудида янги ёдгорлик барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.
"Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз", - дейди давлат раҳбари.
Президент урушдан қайтган, эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилган фахрийларга чексиз миннатдорлик билдирди, истиқлол йилларида Ватан озодлигини ҳимоя қилиш йўлида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган мард аскарларимизни миннатдорлик билан ёдга олди.
"Ўша оғир йилларда фронтга сафарбар этилган 1 миллион 950 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчилардан 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлгани, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолгани, 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олгани, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтгани бу ғалаба биз учун нақадар қимматга тушганини яққол кўрсатиб турибди", - деди президент.
Уруш даврида 214 минг аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги “Слава” (“Шуҳрат”) орденига сазовор бўлгани биз учун, ҳеч шубҳасиз, буюк ғалабанинг энг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Ўзбекистон аҳолиси 1941-1943 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
"Сиз, азизларни бугунги улуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман", - дея сўзини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Ўхшаш янгиликлар