• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image
Яқинда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 1 майдан жорий этилган электр энергиясининг 200 кВт/соатлик асосий нормасидан норозилигини билдиришди.
Энергетика вазирлиги базавий стандартни жорий этишдан асосий мақсад электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли таъминлашдан иборат эканлигини маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан амалга оширилган таҳлилларга кўра, 2024 йилда республика аҳолиси томонидан жами 21,2 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилиниши режалаштирилган. Шундан, йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт/соатгача бўлган истеъмолчилар жами абонентларнинг 60 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг июнь ойида аҳолининг 71 фоизи 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
"Шу сабабли, яқин келажакда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 кВт/соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас", — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.
Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг атиги 22 фоизи 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача, бор-йўғи 11 фоизи эса 201 кВт/соатдан 300 кВт/соатгача истеъмол қилгани маълум бўлди. Аҳолининг қолган 7 фоизи 1001-10000 кВт/соат электр энергиясини истеъмол қилган.
"Маълумот учун, 300 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилганлар тўлиқ 900 сўмдан ҳақ тўламайди. Бунда 200 кВт/соатгача 450 сўмдан, қолган 100 кВт·соатга 900 сўмдан тўлайди. Яъни, 300 кВт электр истеъмол қилганларга нисбатан ҳам нархлар кескин ошмаган (базавий меъёрдан ортиқча 100 кВт истеъмол учун 45 000 сўм (100*450) қўшимча тўлаган). Бунда ушбу 900 сўмлик тариф ҳам электр энергиясининг таннархидан кам. қолган 7 фоиз аҳоли 1001–10 000 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилиб, 1 350 сўмдан тўловларни амалга оширган. Бундай хонадонлар субсидияга муҳтож бўлмаган, бирламчи эҳтиёжлардан ташқари қўшимча қулайликларга эга шахслар, хусусан, электромобил(лар)и, ҳовлисида бассейн, фонтан, кўплаб ёритгич жиҳозлари ёки қимматбаҳо бошқа электрон маиший қурилмалари мавжуд хонадонлар ҳисобланади", — дейилади хабарда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган электр ҳисоблагичлар аҳолига ортиқча киловатт қувват олаётгани ҳақидаги ахборотга ҳам вазирлик жавоб қайтарди.
"Ушбу мурожаатларнинг ҳар бири Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда муаллифлар иштирокида ўрганилмоқда.
Ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилиб, техник сабабларга кўра юзага келган хатоликлар аниқланганда тўлиқ бартараф этилмоқда", — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Хулоса ўрнида таъкидланганидек, ошиб борувчи тарифлар қўлланилиши натижасида истеъмолчиларнинг электр энергияси тежамкорлиги ошди. Бунинг натижасида тизимга юкламалар камайиб, аҳолининг электр энергиясидан узилишлари ва авариялар сони ҳам камайиб бормоқда.

Ўхшаш янгиликлар