• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image
Жорий йилнинг 8 июль куни соат тахминан 19:00 атрофида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ИИБ тезкор ходими шу туман "Тоқчи" қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида Lacetti автомашинаси юқори тезликда ҳаракат иштирокчиларига хавф солган ҳолда ҳаракатланиб кетаётганлигини аниқлаб, тезкорлик билан чора кўриш мақсадида туман ЙҲХБга хабар берган.
Шу йўналишда хизмат олиб бораётган туман ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан мазкур автомашина тўхтатилиб текширилганида, ҳайдовчи 1966 йилда туғилган фуқаро С.Б. маст эканлиги аён бўлиши билан автомашинасидан тушиб қочишга уринган. Ҳайдовчи уни таъқиб қилган инспектор билан олишиб, ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (ошхона пичоғи) билан инспекторни бир неча бор уриб, жароҳат етказган ва воқеа жойидан яширинган. Бу ҳақда UzNews.uz'га ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Катта сержант Примов Элбек тиббиёт бўлимига етказилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан қорин олд қисмига ва чап қўл тирсагига етказилган оғир жароҳатлар натижасида кўп қон йўқотиш оқибатида вафот этган.
Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этган фуқаро Кўкдала тумани ҳудудида ҳибсга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2 қисми "г" банди жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимнинг оиласи ва яқинларига кўмак бериш ҳамда вафот этган ходимнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар