• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24°C
Detail image
ТОШКЕНТ, 29 фев — Sputnik. Россия жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, нацизмни йўқ қилиш ва махсус операциянинг барча вазифаларини ҳал қилиш учун ҳамма нарсани қилади, деди Россия президенти Владимир Путин.
“Биз бу урушни Донбассда бошлаганимиз йўқ, лекин бир неча бор айтганимдек, биз уни тугатиш, нацизмни йўқ қилиш, махсус ҳарбий операциянинг барча вазифаларини ҳал қилиш, фуқароларимизнинг суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қиламиз”, — деди Путин Федерал Мажлисга мурожаати чоғида.
Унинг қайд этишича, Ғарб давлатлари аллақачон уруш нима эканлигини унутган, улар Украинада содир бўлаётган воқеаларни қандайдир "мультфилмлар" деб ҳисоблашади.
“Булар оғир синовлардан ўтмаган, уруш нима эканлигини аллақачон унутган одамлардир. Биз, ҳатто ҳозирги авлодимиз ҳам Кавказда халқаро терроризмга қарши кураш давомида шундай оғир синовлардан ўтдик. Ҳозир Украинадаги можаро шароитида ҳам худди шундай ҳолат юз бермоқда. Улар (Ғарб – таҳр.) буларнинг барчаси улар учун қандайдир мультфилм, деб ўйлайди”, — деди Путин.
Россия етакчисининг таъкидлашича, Ғарб Россияни қуролланиш пойгасига тортмоқчи бўлиб, 1980 йиллардаги СССРдаги каби ҳийлани такрорламоқда.
“Ғарб бизни қуролланиш пойгасига тортмоқчи эканини ҳам тушунамиз. Шундай қилиб, улар 80-йилларда Совет Иттифоқи билан муваффақиятга эришган ҳийла-найрангни такрорлайдилар”, — деди у.
Путнинг айтишича, НАТОнинг мумкин бўлган интервентлари учун оқибатлари фожиали бўлади.

"Улар НАТО ҳарбий контингентларини Украинага юбориш имконияти ҳақида гапира бошлашди, аммо биз бир вақтлар ўз контингентларини мамлакатимиз ҳудудига юборганларнинг тақдири эсимизда, аммо энди мумкин бўлган интервентлар учун оқибатлар анча аянчли бўлади”, — деди Путин.

У, шунингдек, руссофобия, миллий устунлик мафкураларининг бошқа турларига ўхшаб, кўр ва ақлдан маҳрум қилади, деб айтди.

"Ҳақиқатан ҳам, русофобия, бошқа ирқчилик, миллий устунлик ва эксклюзивлик мафкураси каби кўр қилади ва ақлдан оздиради", — деди Путин.

Путин Федерал Мажлисга мурожаати чоғида “Кинжал” гипертовуш мажмуаси махсус ҳарбий операция зонасида юқори самарадорлик билан фойдаланилаётгани, “Циркон” комплекси аллақачон жангларда қўлланилгани, “Авангард” қитъалараро масофали гипертовуш бирликлари ва “Пересвет” лазер тизимлари жанговар навбатчиликда экани, “Буревестник” чексиз масофали қанотли ракета ва “Посейдон” учувчисиз сув ости аппарати синовлари якунланаётганини айтди.
У ўз сўзида армия ва флотни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш муҳим эканлигини қўшимча қилди.
“НАТОнинг Шарққа навбатдаги кенгайиши ва Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа қўшилиши билан боғлиқ таҳдидларни бартараф этиш учун ғарбий стратегик йўналишдаги гуруҳларни кучайтириш жиддий зарур”, — деди у.
Владимир Путин Россия ҳукуматига рус тилини тарғиб қилиш бўйича халқаро дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришни топширди.
“Россия араб давлатлари билан азалдан яхши муносабатларга эга. Улар бугунги кунда жадал ривожланаётган Шимолий Африкадан Яқин Шарқгача бўлган ўзига хос цивилизацияни ифодалайди. Биз араб дўстларимиз билан янги алоқа нуқталарини излаш ва ҳамкорликнинг барча кўламини чуқурлаштиришни муҳим деб биламиз. Лотин Америкаси йўналишида ҳам худди шундай қиламиз. Ҳукуматдан рус тили ва кўпмиллатли маданиятимизни тарғиб қилиш соҳасидаги халқаро дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришни алоҳида сўрайман, биринчи навбатда, албатта, МДҲда ва бутун дунёда”, — деди Путин.
Путин АСЕАН ва Африка билан муносабатларни ривожлантириш ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг АСЕАН, Африка ва араб давлатлари билан мулоқоти ижобий ривожланмоқда.
“Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Хитой Халқ Республикасининг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида интеграция жараёнларини уйғунлаштиришда йирик Евроосиё ҳамкорлигини қуришда катта истиқболларни кўрамиз. Россиянинг АСЕАН билан мулоқоти ижобий ривожланмоқда. Россия-Африка саммитлари ҳақиқий ютуқ бўлди. Африка қитъаси ўз манфаатларини ва ҳақиқий суверенитетга бўлган ҳуқуқини тобора кўпроқ эълон қилмоқда. Биз бу интилишларнинг барчасини чин дилдан қўллаб-қувватлаймиз. Россия араб давлатлари билан азалдан яхши муносабатларга эга”, — деди Путин.
Шунингдек, мурожаатда Россия янги глобал молиявий архитектура яратиши маълум қилинди.
“Илғор технологик базада Россия сиёсий аралашувдан холи бўлган янги глобал молиявий архитектура қуради”, — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг ўзи ўз валюталари ва банк тизимини обрўсизлантирмоқда: "улар ўнлаб йиллар давомида ўтирган шохни арраламоқда". Бир неча кун олдин Россия Банки BRICS Bridge номли кўп томонлама рақамли ҳисоб-китоб платформасини ишга туширишни БРИКС давлатлари марказий банклари билан муҳокама қилаётганини маълум қилган эди.
Россия хавфсиз логистика коридорларини яратишда давом этади. “Биз дўст давлатлар билан биргаликда самарали ва хавфсиз логистика йўлакларини яратишда давом этамиз”, деди Путин.
Россия президентининг сўзларига кўра, Россия тенглик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш тамойиллари асосида ишлайди. Шу боис, Россия иштирокидаги ЕврАзЭС, ШҲТ, БРИКС ва бошқа бирлашмаларга тобора кўпроқ давлатлар фаол қўшилмоқда.
Россия сўнгги бир неча йил давомида “Шимол — Жануб” транспорт коридорини фаол ривожлантирмоқда. Россиянинг шимолий ҳудудларидан Эрон ва Ҳиндистон портларигача давом этувчи ушбу йўлак Осиёдан Европага товар етказиш муддатини икки баравар қисқартиради.
Президент мурожаат давомида шунингдек, “бизнинг аскарларимиз бугун Россиянинг келажагини яратмоқда - сизларга таъзим, йигитлар!", деб айтди.
"Мамлакат келажаги ва унинг ривожланиши учун бугунги кунда шарт-шароит яратаётган улар, бизнинг аскарлар" – деди Владимир Путин махсус операция иштирокчилари ҳақида.
Послание президента РФ В. Путина Федеральному Собранию - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.02.2024
15:10

Ўхшаш янгиликлар