• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image
ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Тошкентда 19 май куни илк марта “One Run” халқаро ярим марафони бўлиб ўтади, дея хабар берди тадбир ташкилотчилари.
“One Run” халқаро ярим марафони “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтади. Иштирокчилар учун 4 турдаги масофа мавжуд: 21 км, 10 км, 5 км ва 1 км.
Марафон шу куннинг ўзида Россия, Қирғизистон (Бишкек), Хитой (Пекин), Тожикистон (Душанбе), Арманистон (Ереван), Беларусь (Минск), Бразилия (Бразилия), Миср (Қоҳира), Қатар (Доҳа) каби давлатларда ҳам ўтказилади.
“One Run” бир вақтда бошланадиган ярим марафон сифатида 2 марта Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.
Марафонда 6 ёш ва ундан катта ёшдаги ҳар бир киши 1 ва 5 км масофада, 6-12 ёшли болалар фақат ота-оналари ҳамроҳлигида югуришлари мумкин. 10 ва 21,1 км масофаларга югуришда 18 ёш ва ундан катта ёшдагилар иштирок этишлари мумкин.

“Иштирокчининг тайёргарлик даражаси ёки қўшимча ҳужжатлар/рухсатномалар мавжудлигидан қатъи назар, ёш чекловларига қатъий риоя қилинади. Бунинг сабаби шундаки, тадбир ҳаваскор ва оммавий бўлиб, биринчи навбатда ўзингизни ва чидамлилигингизни синаб кўриш учун эмас, балки жараёндан завқ олишга қаратилган”, - дейди ташкилотчилар.

Ташкилотчиларга кўра, ҳар бир йўналишда тез ёрдам машиналари бўлади. Шунингдек, бошланиш ва тугатишда тиббий марказ иш олиб боради.
“One Run”дан кўзланган мақсад – аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш, шериклик ва дўстлик алоқаларини, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги маданий алмашинувни мустаҳкамлаш.
Ўзбекистонликлар учун рўйхатдан ўтиш бошланган.

Ўхшаш янгиликлар