• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15°C
Detail image
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Кеча, 2 ноябрь куни Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Вали маҳалласида яшовчи М.Тоҳирова тўрт нафар эгизак – икки ўғил ва икки қиз фарзандларни дунёга келтирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, жорий йилнинг 29 октябрида 32 ёшли ҳомиладор аёл М. Тоҳирова Самарқанд вилоят перинатал марказига мурожаат қилган.
Бўлажак она қабул бўлимида тиббий кўрикдан ўтказилиб, зудлик билан марказнинг реанимация бўлимига ётқизилган. Унга “Ҳомиладорлик 4-даража. Преэклампсиянинг оғир даражаси. Сурункали пиелонефритнинг хуруж даври. Резус манфий қон. Кўп сувлилик. Анемиянинг оғир даражаси” ташхиси қўйилган.
“Бўлажак она марказнинг реанимация бўлимида тўлиқ клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилиб, доимий равишда мутахассисларимиз назоратида бўлди. Унда туғуруқдан олдинги ҳомила профилактикаси, гемотрансфузия ва антибактериал терапиялар амалга оширилди. 2 ноябрь куни такрорий кўрик натижаларига асосан, аёлнинг айни пайтдаги тиббий аҳволини ҳисобга олиб, тажрибали мутахассисларимиз билан туғуруқни оператив йўл билан амалга оширишга келишилди”, - дейди марказ директори Лола Ҳамроева.
Шу куннинг ўзида марказ директори Ҳамроева ва муассасанинг тажрибали мутахассислари — Ш. Астанақулов ва И. Сайдалиева жарроҳлик йўли билан тўрт нафар соғлом чақалоқни туғдириб олишган.
Улардан икки нафари қиз бола бўлиб, бири бўйи 42 см., 1860 гр. вазн билан, иккинчиси бўйи 43 см., 2060 гр. вазн билан дунёга келди. Икки нафар ўғил чақалоқнинг ҳам бўйи 43 см. бўлиб, бири 2090 гр., иккинчи эса 1800 гр. вазн билан туғилди.
Қайд этилишича, оғир туғуруқ жараёнидан сўнг онанинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик амалиётига мос. Вазирлик у ва болаларининг ҳолатини назоратга олган. Айни пайтда барча керакли муолажалар давом эттирилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар