• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24°C
Detail image

АҚШ доллари энг кучли валюта сифатида кўрилади, чунки у энг кўп сотилади. Дунёда қиймати энг юқори валюта Қувайт динори бўлса-да, АҚШ доллари дунё бўйлаб қонуний тўлов воситаси сифатида тан олинган 180 га яқин валюталарнинг юқорисида туради.

Энг кучсиз валюталар эса долларнинг анча кичик қийматига тенг бўлади. Баъзи валюталарда атиги 1 доллар сотиб олиш учун улардан ўн мингта талаб қилиниши мумкин.

АҚШ долларига қиёсалаганда қиймати энг кучсиз бўлган 10 валютага, жумладан, Ўзбекистон сўми ҳам киради. Forbes уларнинг рўйхатини келтирди:

1. Эрон риали (IRR)

Эрон риали дунёдаги энг кучсиз валюта бўлиб, 1 риал бор-йўғи 0,000024 долларни сотиб олишга етади (ёки бошқача қилиб айтганда, 1 доллар 42 273 Эрон риалига тенг).

Эрон риали биринчи марта 1700 йилларнинг охирида муомалага киритилган. Кейинчалик у Британия фунтига, сўнг АҚШ долларига боғланган. Ҳозир эркин муомалада бўлса-да, сўнгги бир неча йил ичида валюта бир долларга нисбатан 42 000 риал атрофида сақланиб қолди.

Ироқ ва Афғонистон ўртасидаги Форс кўрфазида жойлашган Эрон нефть ва табиий газнинг етакчи глобал экспортчиси ҳисобланади. Бироқ иқтисодий санкциялар сиёсий тартибсизликлар ва юқори инфляция Эрон валютасига босим ўтказди.

2. Вьетнам донги (VND)

Вьетнам донги дунёдаги иккинчи энг кучсиз валюта бўлиб, 1 донг 0,000042 долларга ёки 1 доллар 23 711 Вьетнам донгига тенг. Донг 1978 йилда муомалага киритилган.

Вьетнамда хизмат кўрсатиш соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг энг катта қисмини ташкил қилади, ундан кейин электроника, энергетика ва тўқимачилик каби тармоқлар туради. Вьетнам валютаси хорижий инвестицияларга чекловлар ва яқинда экспортнинг секинлашиши, АҚШда фоиз ставкаларининг кўтарилиши билан заифлашди.

3. Лаос кипи (LAК)

Лаос кипи учинчи энг заиф валюта бўлиб, 1 кип 0,000052 долларга ёки 1 доллар 19 072 Лаос кипига тенг. Кип 1950 йилларда тақдим этилган ва эркин муомалада.

Лаос Вьетнам, Таиланд, Камбоджа ва Хитой ўртасидаги давлат бўлиб, асосан мис, олтин ва ёғоч каби маҳсулотлар экспортига таянади. Мамлакат иқтисодий ўсишнинг сустлиги, ташқи қарзнинг ўсиши ва юқори инфляциядан азият чекди, бу эса валютага таъсир қилди.

4. Серра-Леоне леонеси (SLL)

Серра-Леоне леонеси дунёдаги тўртинчи энг кучсиз валюта бўлиб, 1 леоне 0,000057 долларга ёки 1 доллар 17 665 Серра-Леоне леонесига тенг. Валюта биринчи марта 1964 йилда муомалага киритилган ва эркин ҳисобланади.

Серра-Леоне Ғарбий Африкада жойлашган бўлиб, Гвинея ва Либерия билан чегарадош. Асосан ёғоч, олмос, олтин ва саноат металларини экспорт қилади. Леоненинг қиймати 40 фоиздан ортиқ инфляция, катта қарз, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва Эбола эпидемиясининг оқибатлари туфайли пасайган.

5. Индонезия рупияси (IDR)

Индонезия рупияси дунёдаги бешинчи энг заиф валюта: 1 рупия 0,000067 АҚШ долларига ёки 1 доллар 14,993 Индонезия рупиясига тенг. Рупия 1946 йилда муомалага киритилган. Дастлаб АҚШ долларига боғланган, сўнг эркин валюта бўлган.

Индонезия Тинч океанидаги 17 000 дан ортиқ оролларни, жумладан Жава, Суматра, Борнео ва Янги Гвинеянинг бир қисмини ўз ичига олади. Мамлакат хизмат кўрсатиш соҳаси туфайли ЯИМ бўйича Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Бироқ юқори инфляция ва турғунлик қўрқуви туфайли рупия бошқа валюталарга нисбатан тушиб кетди.

6. Ливан фунти (LBP)

Ливан фунти дунёдаги олтинчи энг кучсиз валюта бўлиб, 1 фунт 0,000067 долларни ёки 1 доллар 14,986 Ливан фунтини ташкил қилади. Фунт биринчи марта 1930 йилларда муомалага киритилган ва АҚШ долларига боғланган.

Ливан Ўрта Ер денгизи, шунингдек, Исроил ва Сурия билан чегарадош. У хизмат кўрсатишга асосланган иқтисодиётга эга, аммо қимматбаҳо тошлар ва металлар, кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ичимликлар экспорт қилади.

Ливан фунтининг қиймати 2021 йил бошида чуқур тушкунликка тушган иқтисодиёт, юқори инфляция ва ишсизлик, банк инқирози ва сиёсий тартибсизликлар туфайли АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада пасайиб кетди.


7. Ўзбекистон сўми (UZS)

1 Ўзбекистон сўми 0,000087 долларга ёки 1 доллар 11 516 сўмга тенг. Бу сўмни дунёда еттинчи энг кучсиз валютага айлантиради. Сўм 1993 йилда муомалага киритилган эркин валюта.

Ўзбекистон катта минерал, нефть ва газ захираларига эга. Мамлакат иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда, ишсизлик ва коррупцияга қарши курашмоқда.

8. Гвинея франки (GNF)

Гвинея франки дунёдаги саккизинчи энг кучсиз валюта бўлиб, 1 франк 0,000116 долларга ёки 1 доллар 8,583 Гвинея франкига тенг.  Валюта 1959 йилда муомалага киритилган ва эркин.

Гвинея Африкадаги собиқ француз мустамлакаси. У олтин ва олмос каби табиий ресурсларга эга, аммо юқори инфляция, ҳарбий тартибсизликлар ҳамда қўшни Либерия ва Серра-Леонедан келган қочқинлар оқими билан курашади.

9. Парагвай гуарани (PYG)

Парагвай гуарани тўққизинчи энг заиф валюта бўлиб, 1 гуарани 0,000138 долларга ёки 1 доллар 7249 Парагвай гуаранисига тенг. Валюта 1952 йилда тақдим этилган ва эркин.

Парагвай Бразилия, Аргентина ва Боливия билан чегарадош. Мамлакат соя, стевия (шакар ўрнини босувчи модда) ва мол гўшти етиштириш, шунингдек, маккажўхори ва шакарқамиш экспорт қилиш бўйича етакчи ҳисобланади.  Бироқ унинг валютаси юқори инфляция, коррупция ва қалбаки валюта босими остида бўлиб келган.

10. Уганда шиллинги (UGХ)

Рўйхатда охирги ўринни Уганда шиллинги эгаллаб турибди, 1 шиллинг 0,000273 долларни ёки 1 доллар 3669 Уганда шиллингини ташкил қилади. Шиллинг биринчи марта 1966 йилда чиқарилган ва эркин валюта.

Уганда Шарқий Африкадаги давлат бўлиб, Кения, Жанубий Судан, Танзания ва Конго Демократик Республикаси билан чегарадош. Мамлакат нефть, олтин ва қаҳва каби маҳсулотларга бой, аммо унинг иқтисодиёти беқарор иқтисодий ўсиш, юқори қарз ва сиёсий тартибсизликлар гирдобида қолган.

Ўхшаш янгиликлар