• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24.2°C
Detail image

Шу ҳафта охирида Испанияда мамлакатнинг асосий қонун чиқарувчи органига сайлов бўлиб ўтади. Яъни, 23 июлm куни испанлар қуйи палатанинг янги таркиби – Конгресс (350 ўрин), шунингдек, Сенатдаги 265 ўриндан 208 тасини сайлаши керак. Қайси партиялар ўртасида асосий баҳслар бўлиши ва Испания сиёсий тизими учун бўлажак сайловнинг аҳамияти қандай?

Нега сайлов тартибсиз ўтмоқда ва қайси партиялар курашмоқда?

2023 йил 28 майдаги ҳудудий сайловдан сўнг Испания Бош вазири Педро Санчес парламентнинг қуйи палатаси ва юқори палатанинг бир қисми муддатидан олдин, аниқроғи 23 июлда сайланиши кераклигини маълум қилди. Испания матбуотининг ёзишича, «социалистлар» бошчилигидаги ҳукмрон коалиция ҳудудий сайловда паст натижага эришган. Шунинг учун ҳам Бош вазир Педро Санчеснинг бу қарори йил охиригача, яъни режалалаштирилган сайлов олдидан сиёсий рақибларини кучайишига йўл қўймасликка уриниш сифатида қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Испания парламентига аввалги сайлов муддатидан аввал, 2019 йилнинг 28 апрелида бўлиб ўтганди. Бу Испания демократик ўтиш давридан бери ўн учинчи умумий сайлов эди. Ўшанда Конгресснинг 350 депутати ва юқори палатадаги 266 сенаторидан 208 нафари сайланган эди. Испания матбуотига кўра, ўша пайтдаги сиёсий кампания сўнгги 40 йилдаги «башорат қилиш қийин» бўлган сайлов эди.

Қоидага кўра, Испания сиёсий майдонида ҳокимият учун курашда Испания социалистик ишчилар партияси (Partido Socialista Obrero Español, PSOE) бошчилигидаги «ўнг қанот» ва чап қанот «Халқ партияси» (Partido Popular) иштирок этади. Испаниялик сиёсатшунослар ҳам бўлажак сайловда асосий кураш шу икки партия ўртасида бўлишини кутишмоқда.

Сайлов олдидан жамоатчилик фикрини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, на Испания «социалистлари» ҳам, на «Халқ партияси» фуқароларнинг кўпчилик овозини қўлга кирита олмайди, шунинг учун ҳам ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш ҳуқуқига эга бўла олмайди. Шунинг учун бўлажак сайловда ғалаба қозонган партия мамлакатнинг бошқа сиёсий кучлари билан коалиция тузиши керак бўлади.

Ҳозирда Социалистик ишчилар партияси сўлчи кучлар блоки билан коалицияда бирлашган. Агар социалистлар ғалаба қозонса, улар чап қанот Sumar платформаси билан куч конфигурациясини шакллантиришлари мумкин.

Испаниялик сиёсатчиларнинг айтишича, агар «Халқ партияси» ғалаба қозонса, жуда қизиқ сценарий юз беради. Партия етакчиси Альберто Нуньес Фейхоо сайловчилар, жумладан, одатда сўлчиларга юз ўгирадиган аудитория орасида машҳурликка эришмоқда.

Альберто Нуньес Фейхоо?

Бўлажак сайловда ғалаба қозониш учун асосий номзод Альберто Нуньес Фейхоо 61 ёшда. У 2009 йилдан 2022 йилгача Галиция автоном ҳукумати президенти бўлган. Бундан олдин Альберто Нуньес Фейхоо давлат хизматида ишлаган ва Галиция Қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош котиби бўлган. Кейинчалик у мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳам худди шундай лавозимда ишлаган. У 3 йил Давлат почта ва телеграф жамияти президенти лавозимида ҳам ишлаган.

Испания матбуоти Халқ партияси етакчисини мўътадил деб таърифлайди. Шарҳловчиларнинг ёзишича, Альберто Нуньес Фейхоо ўзидан олдинги «ўнг қанот» сиёсатчилардан кўра мўътадилроқ кампания олиб боради ва асосий эътиборни иқтисод ва оддий испанларнинг даромадлари билан боғлиқ масалаларга қаратади.

Европа Иттифоқида аҳоли сони бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган мамлакатнинг иқтисодий фаровонлиги билан боғлиқ масалалар номзодларнинг сайловолди ташвиқоти марказида. Қитъадаги юқори инфляция ва энергия ташувчилар нархи испанлар чўнтагига оғирлик қилмоқда ва уларнинг даромадларини камайтирмоқда. Ҳозирги Бош вазир Педро Санчесдан ҳафсаласи пир бўлган мамлакатнинг кўплаб аҳолиси янги сиёсий кучларга умид қилмоқда.

Испаниянинг Европа Иттифоқига раислиги

Ҳозирда Европа кенгашига раислик Швециядан Испанияга ўтди. Кейинги олти ой давомида Испания ички ва ташқи сиёсат масалаларида Европа Иттифоқини бошқаради. Шу боис кўплаб европалик кузатувчилар Испанияда ҳукумат ўзгариши Мадриднинг 2023 йил охиригача ЕИ раислигига қандай таъсир қилиши мумкинлигидан ҳақли равишда хавотирда.

Гарчи «Халқ партияси» етакчиси Испания Европа Иттифоқи доирасидаги устуворликларини ўзгартирмаслигига ишонтиришга уринган бўлса-да, экспертларнинг фикрича, Альберто Нуньес Фейхоо коалициясига ўта ўнгчи «Vох» партияси билан коалиция керак бўлиши мумкин. Демак, Фейхоо коалицияси ҳамкорлари билан ҳисоблашиши керак.

Ўта ўнгчи «Vох» кимлар?

Мамлакат аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, ўта ўнгчи «Vох» партияси 23 июль куни бўлиб ўтадиган сайловда сайловчиларнинг 13-15 фоиз овозини тўплай олади. Натижа нисбатан унчалик юқори бўлмаса-да, коалитсия келишувига келганда бошқа партиялар учун катта аҳамиятга эга. Кўпчилик Европада ўзининг турли маънодаги баёнотлари билан танилган «Vох» етакчиси Сантяго Абаскал номини партия хусусияти сифатида тилга олади. Сантьяго Абаскаль иқлим ўзгаришига ишонмаслигини эълон қилди ва «гендер мафкурасининг тоталитар қонунини» танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қонун эркакларни жиноятга ундайди.

Шу билан бирга, испаниялик «Vох» бошқа ўта ўнгчи гуруҳлар сингари иммиграция сиёсатини қатъийроқ жорий этишга чақиради ва анъанавий оилавий қадриятларни тарғиб қилади. «Vох» партияси аллақачон Испаниянинг ўнлаб шаҳарлари ва учта автоном вилоятидаги консерваторлар билан коалиция шартномасини тузган. Испаниялик сиёсатчи Сантьяго Абаскалнинг Венгриянинг ҳукмрон партияси, Франциянинг ўнгчи партияси ва Европанинг бошқа ўта ўнгчи гуруҳлари, масалан, «Италия биродарлари» билан яқин алоқалари Европа интеграцияси тарафдорларини хавотирга солмоқда.

Шу сабабли Испанияда келаси якшанба куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари парламент сайлови Европа Иттифоқидаги манфаатдор жамоалар эътиборини тортмоқда. Уларни қуйидаги асосий савол қизиқтиради: Испания сайлови Европада экстремал ўнгчилар ҳақиқатан ҳам кучайиб бораётганини кўрсата оладими?

Ўхшаш янгиликлар