• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.1°C
Detail image

Мамлакатимизда сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини бурғулаб, ишга туширган фуқароларга давлат бюджети ҳисобидан субсидия маблағлари ажратиб берилмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш, сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқлар қазиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун тежамкор сув тизимлари ўрнатишда фаол иштирок этмоқда.

– Бу ва бошқа тегишли ҳужжатларга кўра, “Агросубсидия” ахборот тизимидаги кичик ва катта ҳажмдаги қудуқларни бурғулаш учун субсидияга ариза юбориш хизматларига тегишли ўзгартиришлар киритилди, – дейди Жамғарманинг Лизинг фаолиятини амалга ошириш ва субсидия ажратиш бўлими етакчи мутахассиси Ф. Ҳамраев. – Жумладан, туман ишчи гуруҳи таркиби янгиланди, аризага бириктириладиган ҳужжатлар таркиби ўзгарди ва аризани кўриб чиқиш тартиби норматив ҳужжатларга мувофиқлаштирилди.

Айни вақтда субсидия маблағи қуйидаги тартибда шакллантирилмоқда. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан, Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 метрдан ортиқ бўлган кичик ҳажмдаги ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг биринчи метридан бошлаб 100 фоизини, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (15 миллион сўмдан) ошмаган миқдорда.

Шунингдек, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб бериш белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси жорий йилнинг         январь-март ойларида 100 нафар талабгорга 8 миллиард 478 миллион сўм субсидия маблағи ажратиб берилди. Натижада сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 3 мингдан ортиқ томорқа ер эгаларига тегишли 2 минг 617 гектар экин ер майдонларини суғориш учун сув билан таъминлашга эришилди. Бу эса кўплаб аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Яратилаётган бу каби имкониятлар, берилаётган имтиёзлар қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш, бир йилда камида икки маротаба ҳосил етиштириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш ҳамда қудуқлар қазишдаги ортиқча харажат ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўхшаш янгиликлар