• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image
image

Бразилия ҳукумати футболчи Пеленинг вафоти муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда “Noticias Uol” нашри хабар берди.

“Ушбу фармон эълон қилинган кундан эътиборан Эдсон Арантес ду Насименто (асл исми) ёки собиқ футболчи Пеленинг вафоти муносабати билан уч кунлик умуммиллий мотам эълон қилинади”, дейилади ҳукумат фармонида.

Мотам муносабати билан бутун Бразилия бўйлаб байроқлар ярмига туширилади.

Бундан ташқари, Рио-де-Жанейродаги “Нажоткор Масиҳ” ҳайкали Пеле хотирасига Бразилия байроғи рангларига бўялган. Бундай ёруғлик билан ҳайкал бир кун туради.

Бразилиянинг истеъфога чиққан Президенти Жаир Болсонару матбуот хизмати Пеленинг глобал спорт учун аҳамиятини таъкидлади.

“У ягона уч карра Жаҳон кубоги ғолиби бўлиб, нафақат буюк спортчи, балки қаерга бормасин, Бразилияга шон-шараф келтирган буюк фуқаро ва ватанпарвар эканлигини амаллари билан исботлади”, дейилади ҳукумат хабарида.

Пеле Сантос шаҳрида дунёдаги энг катта қабристон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган вертикал қабристонга дафн этилади. Бразилия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, футболчи 19 йил аввал ушбу қабристондан жой сотиб олган. 30 қаватли бино унинг дўсти томонидан қурилган.

Хотира маросими Пеленинг собиқ футбол клуби Сантос стадионида, Сан-Паоло штатидаги шу номли шаҳарда бўлиб ўтади. Маросим 2 январь, душанба куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Пеле 82 ёшида 29 декабрь куни кечки вақтда саратондан Сан-Паолодаги хусусий шифохонада вафот этди. У мазкур касалхонага бир ой олдин йўғон ичак саратони туфайли ётқизилган эди.

Маълумот ўрнида, Пеле Бразилия терма жамоаси билан уч карра жаҳон чемпиони бўлган. Халқаро футбол федерацияси Пелени ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб тан олди. У ўйинчи сифатида уч марта жаҳон чемпиони бўлган дунёдаги ягона футболчи. Бу 1958, 1962 ва 1970 йилларда содир бўлган. У Бразилия терма жамоаси сафида 92 та ўйинда майдонга тушиб, 77 та гол урган.

Соҳиба Комиловна

Ўхшаш янгиликлар