• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image
- Advertisement -

Самарқанд халқаро технология университети ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбирни юқори савияда, 16 та давлатдан келган олимлар иштирогида ўтказди.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Куни кеча Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да эл суйган шоирнинг юбилейи катта тантана билан қайд этилди. “Қўшиқ бўлиб қайтаман…” деб номланган маънавий-маърифий тадбир Silk Road Samarkand туристик марказининг “Hilton Samarkand Regency” меҳмонхонасида университетнинг Ўзбек тили ва маданияти маркази томонидан ташкил этилди.

Ҳар қандай тадбир, айниқса маънавий-маърифий тадбирлар университет ректори,  профессор Юсуф Абдуллаев раҳнамолигида катта тайёргарлик билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирогида ўтади. Бу анъанага айланган. Ушбу тадбирда ҳам университетнинг хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан ташқари,  шоирнинг рафиқаси Назира ас-Салом ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари Самарқанд вилоят бўлими ходимлари, адабиётшунослар ва шоирнинг мухлислари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира, SIUT профессори Хосият Бобомуродова ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Зуҳрабегим Муҳаммад Юсуф ижоди хусусида батафсил сўз юритишди.

Муҳаммад Юсуф Ватаннинг оташин куйчиси, муҳаббат ва инсонийликни, халқимизнинг маданият ва урф-одатларини, бойлигию-борлигини тараннум этувчи  ҳақиқий халқ шоири эканлиги таъкидланди. Шоир қисқа вақт ичида ўз ижоди билан одамлар эътиборини торта олганлиги, улар унинг ижодидан завқ олганликлари қайд этилди. Унинг аксарият шеърлари қўшиқ бўлиб, таниқли хонандалар томонидан ижро этилмоқда.

Адибнинг умр йўлдоши Назира ас-Салом сўзга чиқиб, шоир билан ўтказган умр йўллари ва ёзган шеърлари тарихи ҳақида сўзлаб берди. “Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида Муҳаммад Юсуфнинг 70 йиллигига бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказимоқда. Буни халқимизнинг шоирга бўлган чексиз ҳурмати намунаси деб биламан. Бундай эътибор ва эътироф учун барчага миннатдорлик билдираман”, – дейди Назира ас-Салом.

Маънавий-маърифий тадбирда истеъдодли хонанда, SIUT Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Зулфия Рашидова шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқларни маҳороат билан ижро этди.  Шунингдек, йиғилганлар эътиборига “Олтин Мерос” талабалар театр студияси тайёрлаган миллий рақслар, куй ва қўшиқлар ҳавола этилди.

Муҳаммад Юсуфнинг бетакрор ижоди ҳақида SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев ҳам алоҳида тўхталди. “Шоир қолдирган шеърий меъроси – бебаҳо ва ўлмас, – дейди ректор Юсуф Абдуллаев, – ҳар бир шеъри то ҳанузгача ёшларимизни тўлқинлантириб, ҳаётий ўрнак бўлиб келмоқда”.

Маънавий-маърифий тадбир “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи билан якунланди.

Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланган шоирнинг асарлари аждодлардан авлодларга мерос бўлиб, яна кўп йиллар одамларга завқ-шавқ бағишлайди. 

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Ўхшаш янгиликлар