• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image
- Advertisement -

Жорий йил 2 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ташкилий қўмита аъзолари, сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунё иқтисодиётида энг катта улушга эга давлатлар айнан Осиё минтақасида жойлашган бўлиб, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб йўналишлардаги ютуқлар ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу нуқтайи назаридан минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида 2024 йилда Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Шу мақсадда мазкур анжуманни «БМТ-аёллар» тузилмаси билан биргаликда жорий йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.

Форум доирасида минтақа хотин-қизларининг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали қашшоқликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилади. Зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш, иш жойларини аёллар учун тенг ва хавфсиз қилиш, иш жойида камситиш ва зўравонликка барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, БМТ аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси қарорларининг амалий ижроси, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бизнес ва жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг ўрни ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда минтақадаги ноҳукумат ташкилотларининг роли масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Йиғилиш давомида тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий жиҳатлар, форум кун тартиби, унинг мазмуни ҳамда хорижий мамлакатлар делегациялари билан икки томонлама учрашувларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумни ўтказиш бўйича барча идора ва ташкилотларга вазифалар белгиланди.

Ўхшаш янгиликлар