• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14.1°C
Detail image

Тошкент ҳайвонот боғида она 3 яшар қизини айиқнинг олдига ташлаб юборгани кўпчиликни ларзага солди. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан зоопарк ходимлари, терговчи ва шифокор билан суҳбатлашди. Манбаларимизга кўра, она руҳий хасталикка чалингани боис тегишли рўйхатда туради.

Рўй берган ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ҳайвонот боғининг хавфсизлик бўлими ходими хабар топган. У аёл кишининг чинқириқ овозини эшитгани, овоз келган томонга қараб югурган.

“Тушлик пайти ошхонадан қайтишда айиқлар сақланадиган бўлимдан шерлар сақланадиган вольерга етганимда, орқа тарафдан аёл кишининг қаттиқ овоздаги чинқиргани эшитилди. Тезда орқага қайтиб, овоз келган тарафга югурдим. Йўлда 10 яшар атрофидаги ўғил бола чиқиб айиқларнинг вольерига ёш бола тушиб кетгани ҳақида хабар берди. Мен зудлик билан Йиртқичлар бўлими мудирига телефон қилдим”, дейди Тошкент ҳайвонот боғи хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари Эргаш Маматов.

Эргаш Маматов, ҳайвонот боғи хавфсизлик хизмати ходими
Воқеа қаҳрамонига айланган Зизу лақабли айиқ

“3-4 ёшлар атрофидаги қизча айиқлар сақланадиган вольерга тушиб кетгани ҳақида хабар берилгандан сўнг зудлик билан воқеа жойига етиб келдик. Ходимларимиз иккига бўлиниб, уларнинг бир қисми айиқни қафасига киритиш билан шуғулланишган бўлса, қолганлар қизчани вольер ҳовузига тушиб кетган болани олиб чиқишга ҳаракат қилишди.

Тахминан 2-2,5 дақиқалар ичида айиқни ички қафасига киритишга муваффақ бўлдик. Биз вольер ҳовузига тушгунимизча бола ўрнидан турди. Қизчанинг боши ёрилганди. Уни тезда ҳайвонот боғи ҳамширасининг хонасига олиб чиқдик. Биринчи ёрдам кўрсатилгунга қадар тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари етиб келишди ва болани шифохонага олиб кетишди.

Нодир Баҳромов, ҳайвонот боғининг Йиртқичлар бўлими мудири

Тез ёрдам ходимлари етиб келганда қизалоқ ҳақидаги маълумотлар керак бўлди. Шундан сўнг унинг ота-онасини қидирганимизда бир аёл 6-7 ёш атрофидаги ўғли билан келиб, онасилигини айтди. Шу пайтда аёлнинг кўзида қайғу ёки бошқа нарса кўринмади. Ундан қизча қанақа қилиб пастга тушиб кетганини сўраганмизда у ўғли билан овора бўлиб, қизи пастга тушиб кетганини кўрмай қолганини айтди”, дейди Нодир Баҳромов.

Бироқ ҳайвонот боғининг ҳодисани ўз кўзи билан кўрган ходимлари она ёлғон гапиргани, воқеа мутлақо бошқача тарзда ривожланганини таъкидлашмоқда. Маълум бўлишича, аёл қафас ёнидаги чиқиш тақиқланган бетон тўсиқ устига чиқиб, қизини симтўсиқлардан ошириб ўтказган ва атрофдагиларнинг ҳой-ҳойлашига қарамай уни пастга ташлаб юборган. Болани қутқаришга ошиққан номаълум эр-хотинларнинг гап-сўзлари ҳам унга кор қилмаган.

Тошкент ҳайвонот боғи хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари Эргаш Маматов жараён аслида қандай юз бергани кузатув камераларига тушиб қолганини маълум қилди. Мутасадди ушбу тасвирлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширилганини билдирди. Унинг айтишича, видеода қизча айиқ яшайдиган вольерга эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетмагани, балки қасддан ташлаб юборилганини яққол кўринади.

“Ҳайвонот боғи очилганига 24 йил бўлган бўлса, мен шу ерда 23 йилдан бери ишлайман. Ташриф буюрувчиларнинг ҳайвонлар сақланадиган жойга тушиб кетиши ёки ташлаб юборилиши илгари кузатилмаган, биринчи марта шундай ҳолат содир бўлди.

Зизу лақабли айиқ 2016 йилда туғилган, жинси эркак. У бу ерга 2017 йилда Бокудаги ҳайвонот боғидан олиб келинган. Айиқлар ундай инсонлар учун хавфсиз эмас. Қўлга ўргатилгани билан барибир бу – йиртқич. Табиатда эркак айиқ ҳатто ўзининг болаларини еб қўйиши ёки ўлдириши ҳолатлари учрайди, бу ушбу турнинг ўзига хос биологияси.

Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан айиқ ҳаттоки боши қонаб ётган бўлса ҳам қизчага тегмади. Ходимларимиз ҳам тезгина олма, нон ва шунга ўхшаш егуликлар билан айиқни чалғитиб, боланинг олдидан узоқлаштиришди”, – дейди Нодир Баҳромов.

Нодир Баҳромов содир бўлган воқеа натижасида жабрланган қизнинг даволаниши учун зарур харажатларни ҳайвонот боғи раҳбарияти ўз зиммасига олганини ҳам айтиб ўтди.

Рўй берган ҳодисани тергов қилаётган Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси Отабек Бозоров тергов-суриштирув ишларининг бориши ҳақида маълумот берди.

Отабек Бозоров, терговчи

“28 январь куни аёл киши ўз фарзандлари – 6 яшар ўғли ва 3 яшар қизи олиб, Тошкент ҳайвонот боғига айланишга чиққан. У айиқлар вольери ёнига келганда қизчасинини йиртқич ҳайвон сақланадиган жойга ташлаб юбориб жиноят содир этган. Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Боланинг онаси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган”, дейди Отабек Бозоров.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлими шифокори Собир Насимов боланинг аҳволи ҳозирча ўртача оғирликда эканини маълум қилди. Шифокорнинг айтишича, ўтказилган бир қатор тиббий текширувлардан сўнг болага очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши ташхислари қўйилган.

Собир Насимов, РШТЁИМ Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлими шифокори

“Бемор – Зарина Аҳадова 28 январь куни соат 13:30 лар атрофида тез тиббий ёрдам машинасида шифохонамизга олиб келинган. Ўша пайтда боланинг аҳволи ўрта оғир ва енгил карахт ҳолатда эди. Танасининг бош ва юз қисмида жароҳатлар излари бор эди.

Зудлик билан зарурий барча тиббий ташхислар ўтказилди. Ренгенологик, томографик текширувлар натижасига кўра, беморга бош миянинг очиқ жароҳати ва бош мия чайқалиши ташхиси қўйилди. Текширувлар давомида боланинг бош суягида, қўл-оёғида, умуртқа поғонасида синиш аломатлари топилмади.

3 ёш-у 4 ойлик Зарина Аҳадова

Бемор енгил карахт аҳволда бўлгани ва кузатув жараёнига муҳтожлиги сабабли у бир сутка реанимация бўлимида олиб қолинди. Бугун эса Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимига ўтказилди. Ҳозирча боланинг ҳолати ўрта оғир, ҳушида. Керакли барча даво муолажаларини олмоқда”, дейди Собир Насимов.

Албатта, аёлнинг кўпчилик ўзи дунёга келтирган болани йиртқич ҳайвон қучоғига ирғитганига нима сабаб бўлгани билан қизиқмоқда. Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суд-тиббий ва бошқа бир қатор экспертизалар тайинланган. Уларнинг якунига асосан ҳодиса сабабларига ойдинлик киритилиши кутилмоқда.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо

Ўхшаш янгиликлар