• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21°C
Detail image

У кучли хотира эгалари кўпайиши мамлакатда ақлли ва салоҳиятли одамлар кўпайишига олиб келишини таъкидлайди. Унинг шогирдлари орасида бир кунда 1000 та инглизча сўз эслаб қоладиган ва 1 кунлик маълумотни 1 соатда ёдлаб оладиганлар ҳам бор.

Эслаб қолиш бўйича ўз суперхотираси билан танилган Давронбек Турдиев ҳозирда Ўзбекистон мнемоспорт федерацияси президенти вазифасини бажаради. Kun.uz у билан ўзбек болаларининг хотира имкониятлари, Ўзбекистонда кучли хотира эгаларини қандай кўпайтириш ҳақида суҳбатлашди.

«Тепадагилар биз ҳақимизда деярли билишмайди»

– Икки йил олдин Kun.uz’га интервю берганимда Ўзбекистонда кучли мнемонистлар йўқ эди. Ўшандан бери бизга ҳукуматдан деярли эътибор бўлмади. Бизнинг борлигимизни тепадагилар катта эҳтимол билан билмайди.

Фақат ўтган йили Ёшлар ишлари агентлиги ёрдамида мнемоника бўйича катта чемпионат ўтказилди. Беллашув даражасини солиштирадиган бўлсак, мнемоника бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионатида мукофот пули 1,5 минг доллар бўлган. Бизда эса 80 млн сўм бўлди. Буни давлат бюджетидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ташкил қилиб берди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда профессионал мнемонист бўлиб туриб, пул топишнинг иложи йўқ. Шу сабаб болалар ўқийди ёки бошқа иш қилади. Ёки ишлаб оила боқиш керак, ёки мнемоника билан профессионал шуғулланиб шу орқали оила боқиш керак.

Ўзбек суперхотира вакиллари ҳақида

– Охирги йилларда Ўзбекистонда кучли мнемонистлар пайдо бўлди. Умуман, Ўзбекистон мнемоника бўйича дунёда кучли бешликка кирса керак. МДҲ давлатлари ўртасидаги 2021 йилги чемпионатда 1,2,3-ўринларни ўзбеклар эгаллашди. 2022 йил апрелда Синергия университетида бўлиб ўтган чемпионатда эса 1,3,4,5-ўринларни эгаллаб қайтдик.

Ёшлар ишлари агентлиги билан ўтказган чемпионатимизда асосан ўқувчиларим ёки ўқувчиларимнинг ўқувчилари иштирок этди. Шу жойда бир муҳим нарсани айтмоқчиман, Россия чемпионатида 5 дақиқада 214 та рақам эслаб қолинган бўлган, бизда бу 284 та бўлди. Мана шу натижа ҳам ўзбеклар орасида кучли мнемонистлар борлигини кўрсатади.

Бизга кўп нарса керак эмас. Методология бор, нима қилишни биламиз. Асосийси пул керак. Пул ҳақида гапирсам, одамларнинг энсаси қотади. Лекин исталган нарсага кўп сармоя киритилса, кейин ривожланади.

Мнемоника Ўзбекистонга нима беради?

– Боксчиларимизга тасанно, лекин қачонгача урушамиз. Ўзбекистоннинг интеллектуал томонини ҳам кўрсатиш вақти келди. Чет элда ўзбекларга бўлган муносабатдан ачиниб кетаман. Айниқса, русларнинг муносабати яхши эмас. Европани-ку айтмасам ҳам бўлади. Чунки улар биз борлигимизни билмайди ҳам.

Интеллектуал салоҳиятимизни қачонлардир ота-боболаримиз кўрсатган. Биз бирор қўшимча натижа кўрсатолмадик. Лекин мнемоника бўйича Ўзбекистонда ҳам жаҳон чемпиони бор. Улар жаҳонда қайд этилган рекордларни ўрната олади. Мен ҳайрон қоладиган жиҳат, уларнинг шунча иши, ўқиши, уйдаги муаммолари бўлатуриб, халқаро чемпионатларни ютиб келишяпти. Лекин уларни бирор киши қўллаётгани йўқ. Ҳаммаси ўз ҳисобимиздан бўляпти. Масалан, апрелда бўлган чемпионатда ҳам ҳаммасини ўзимнинг ҳисобимдан олиб бориб келдим.

Ўзбекистоннинг салоҳиятини дунёга кўрсатиш, давлат имижи учун мнемоника жуда муҳим. Чунки 21 аср имиж асри. Имижингиз қанчалик юқори бўлса, кўпроқ одам ҳурмат қилади, кўпроқ инвестиция тикилади.

«Кучли хотиралар кўпайиши ақлли одамлар кўпайишига олиб келади»

– Мнемоника мамлакат миқёсида салоҳиятли одамлар кўпайишига олиб келади. Инженерми, бизнесменми, шифокорми кимга хотира керак эмас? Афсуски, Ўзбекистон саводсизлик юқори. Чунки одамлар ўз устида ишлашга қизиқмайди. Улар китоб ўқийдиган одамни кўрса, ҳайратланади. Аслида ҳар бир инсон ўзининг ақлий тарбияси билан шуғулланиши керак. Хотира соғлиққа ўхшайди, қачон йўқотилса, ўшанда эътибор бериш бошланади.

Хитой узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари ичига мнемоникани киритган. Мактабларда фан сифатида ҳам ўтилади. Бу натижа ҳам берди. Охирги жаҳон чемпионатида иштирок этганларнинг 80 фоизи хитойлик. Хитой ривожланиши ва мнемоника ривожланганининг бир-бирига корреляцияси бор. Яъни бу давлат миқёсида кучли профессионаллар, салоҳиятли инсонлар кўпайишига сабаб бўлади.

Мактабларда мнемоника дарслари

– Ўзбекистонда мактабларда мнемоникани фан сифатида киритиш жуда қийин нарса. Мнемоникани қўшимча фан сифатида мактабга киритмоқчи бўлсак, жуда катта ҳажмдаги савияли профессионалларни тайёрлашимиз керак. Бу учун жуда катта маблағ кетади. Иккинчи масала, таълим тепасида ўтирганлар бюрократияга ўралашиб қолган. Шахсан 3-4 киши билан гаплашганимда, бу бизда ишламайди деб эътиборсиз қарашган. Хўп, бу иш бермаса, биз қандай қилиб жаҳон чемпионатларида ютиб келяпмиз?!

Яна бир хато тушунча шуки, хотирага асосланган таълим бўлмаслиги керак дейишади. Яъни хотира бўлса, одамда логика ривожланмас эмиш. Шу ҳақдаги тадқиқот ёзилган Blueprint деган китобда одамнинг когнитив хусусиятлари қисман ривожлана олмаслиги айтилади. Хотира ривожланса, қўшимча диққат ва мантиқ ҳам ривожланади. Чунки мия бадан эмас. Оёқни шуғуллантириб, қўлни шуғуллантирмай қўядиган.

Таълим ривожланмаслиги сабаблари

– Аввало ишга жойлашишдаги коррупция, яхши ўқитувчилар ўрнида пул билан билимсиз педагоглар келиб олади. Иккинчиси – ойлик кам. Мактабдаги барча яхши ўқитувчилар хусусий секторга ўтиб кетади. Чунки мактабда 2-3 миллион сўм ҳам ололмай юрган ўқитувчи, ўқув марказларида 20-25 миллион сўм олади. Ёшлар билим олишга қизиқмаяпти. Улар ҳеч нарсани билмасдан туриб, Instagramʼда 2-3 видео қўйиб, машҳур бўлиб кета бошлашди. Бой бўлиш учун ўқиш керакмас, умуман саводсиз, бачкана инсонлар бой бўла олади деган тасаввур шаклланиб улгурди.

«Бола кўз ўнгида ақлли, китоб ўқийдиган киши бўлиб кўриниш керак»

– Боланинг мияси фақатгина модел олади, тақлид қилади. Унда мантиқ йўқ. Етарлича маълумот йўқ, дунё ҳақида тасаввур йўқ, таҳлил қилолмайди. Бола тақлид қилган модел телефонда ўтирса, яъни қиёфа, масалан, она ҳар куни телефонда, дадаси телевизор кўриб ўтирса, бола китоб ўқишга интилмайди.

Боланинг ҳаёти 3 ёшгача ҳал бўлади. Менинг фикримча, болани 8 ёшгача тарбиялаш мумкин, ундан кейин жуда қийинлашиб боради. Шунинг учун ота-она сифатида жуда зарарли одатларингиз бўлса, ҳам боланинг олдида қилмаслик керак. Бола сизни кўриб турганда китоб ўқийдиган, ақлли, сўкинмайдиган, ўз устида ишлайдиган одам бўлинг. Мен ота-онаси ўқигани учун ўқиёлмаса ҳам китобга қараб турадиган болаларни кўрганман. Ва шу жараёнда ўқишга интилиш келиб чиқади.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар