• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари тобора чуқурлашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Буни шу ойнинг ўзида икки давлат расмийлари ташрифларининг сони кескин ошгани ва эришилаётган келишувлар мисолида кўришимиз мумкин.

Хусусан, 15–17 июнь кунлари Олий Мажлис Сенати раиси – Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қўшма Штатларига ташриф буюриб кўплаб учрашувлар ўтказди.

Дастлаб Сенат раиси АҚШ давлат котибининг фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашди. Суҳбатда томонлар мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, одам савдосининг олдини олиш ва унга чек қўйиш, аёллар ва гендер тенглик, ОАВ фаолияти масалаларини муҳокама қилган.

Шунингдек, АҚШ расмийси Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг ўрни “назорат остидаги рўйхат”дан иккинчи даражага (TIER-2) кўтарилгани билан қутлаб, ушбу ҳаракатлар давом эттирилишига умид билдирди.

Танзила Норбоева, шунингдек, АҚШ Конгрессидаги Ўзбекистон бўйича кокус раҳбарлари – конгрессменлар демократ Висенте Гонсалес ва республикачи Трент Келли билан учрашув ўтказди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Конгрессменлар АҚШ Конгрессининг Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус резолюцияси ҳаммуаллифлари бўлишга чақиришни давом эттиришини таъкидлади.

“Ҳозирги вақтда бизда 21 та овоз бор ва ушбу ҳужжат АҚШ Конгресси томонидан маъқулланиши учун бизни яна тўрт нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаши керак. Резолюция мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан қабул қилиниши учун бор куч ва имкониятларимизни ишга солишга тайёрмиз”, деган Трент Келли.

Америкалик қонун чиқарувчи АҚШ Конгресси Ўзбекистонга нисбатан “Жексон-Веник” тузатишини қўллашни тугатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга содиқ эканига ҳам ишонтирди. Бу жуда муҳим, чунки бу икки мамлакат ўртасида савдо соҳасида камситмайдиган нормал муносабатлар ўрнатилишига ёрдам беради.

Ташриф чоғида ўзбек делегацияси Конгресс кутубхонасига “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасидан китоблар тўпламини топширди.

Фото: Сенат матбуот хизмати
  • Аввалроқ, Kun.uz'га интервью берган Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам АҚШ парламентидаги Ўзбекистон бўйича кокуснинг аҳамияти ҳақида сўзлаган эди.

Сафар давомида Ўзбекистон расмийлари билан учрашган АҚШ Мода индустрияси уюшмаси (USFIA) президенти Жулия Хюзга кўра, анъанавий бозорлардан етказиб бериш занжирлари ўзгарган шароитда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчи етакчи мамлакатга айланиш салоҳиятига эга.

Танзила Норбоева Оқ уйнинг Гендер сиёсати кенгашидаги катта маслаҳатчиси Рейчел Фогелштейн ва Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал ишлари бўйича идораси директори Катрина Фатоват билан ҳам музокаралар ўтказди. Давлат департаменти вакили Ўзбекистонда “C5+1” аёллар бизнес-форумини АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ва ишбилармон аёллари иштирокида ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

АҚШ анча вақтдан буён Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашини билдириб келмоқда. Жумладан, 18 июль куни Вашингтонда Танзила Норбоева ва АҚШ савдо вакили ўринбосари (USTR) Кристофер Уилсон ўртасидаги учрашувда ҳам бу таъкидланган.

“Уилсоннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ. Шу муносабат билан у Америка томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-мажлисида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Ушбу жараённинг мураккаблигини тан олган ҳолда К.Уилсон бу масалада Америка томони доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлади”, дейилади расмий релизда.

Бундан ташқари, савдо вакили ўринбосари USTR Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича Доиравий битим (TIFA) доирасида умумий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

АҚШ Меҳнат вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда томонлар 2 миллион долларлик “Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш” лойиҳасининг амалга оширилишини муҳокама қилган.

АҚШ билан сиёсий муносабатлардан ташқари бошқа йўналишларда ҳам муносабатлар анча фаоллашган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Масалан, айни кунларда АҚШда бўлиб турган АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш ва ҳамкорлик масалаларида Apple, VISA, Plug and Play, Coursera каби йирик компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда. Шунингдек, вазир USAID, Жаҳон банки вакиллари ҳамда Силикон водийсидаги ватандошлар билан ҳам учрашган.

Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, яқинда Ўзбекистонга АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла ташриф буюриб, президент Шавкат Мирзиёев, Хавфсизлик кенгаши ва Мудофаа вазирлиги мулозимлари билан учрашувлар ўтказди.

Ўхшаш янгиликлар