• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022-2023 ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари, ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилади.

Фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари 4 бараварга оширилади.

11 та тиббиёт олийгоҳида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафардан оилавий шифокорни ҳудудлардаги энг зарур тор соҳа мутахассислиги бўйича мақсадли ўқитиш дастури амалга оширилади.

Шунингдек, бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим тизими такомиллаштирилади. Хусусан:

  • битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари, эҳтиёж юқори бўлган муҳим йўналишлар бўйича, қайта кўриб чиқилади;
  • ўқув режалари ва дастурлар, талабаларнинг билимини баҳолаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилади;
  • 11 та тиббиёт олийгоҳида алоҳида ўқув марказлари ташкил этилиб, улар замонавий симуляторлар билан жиҳозланади. Бунинг учун, 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5–6-курсларида ўқиётган талабаларга, йўлланма асосида, бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Бу орқали, ҳар йили 7 мингга яқин талаба муносиб иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

Амалиёт даврида йўналишини ўзгартиришга қарор қилган талабаларга, ўқишни бошқа турдош  мутахассисликлар бўйича давом эттиришга рухсат берилади. 

Шу билан бирга, шифокорларнинг малака тоифасини олиш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Бунда, тоифасиз ходимларга талаб этиладиган иш стажлари 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.

Ўхшаш янгиликлар