• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17.5°C
Detail image

Ўзбекистонда шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Fotolia

“Соғлиқни сақлаш тизими асосан касалликларни даволашга эмас, энг аввало, уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши зарур. Аслида, жаҳон тиббиётида касалликлар профилактикаси – энг устувор йўналиш ҳисобланади.

Бу борада, Сирдарёда бошланган тажриба, тиббиёт соҳасидаги кўплаб камчиликларни очиб берди. Вилоятдаги туман ва шаҳар шифохоналарида турли асаб касалликлари, сурункали бронхит, остеохондроз каби дарди бор беморлар стационар шароитда даволанмоқда. Ваҳоланки, улар тун-у кун шифокор назоратига муҳтож эмас.

Сирдарёдаги шифохоналарда ётган беморларнинг 30-40 фоизини амбулатор шароитда даволаш мумкин. Бу – касалхоналарнинг самарасиз харажатларини 40 фоизга қисқартириш имконини беради. Шунингдек, бирламчи бўғинда маблағларнинг асосий қисми иш ҳақига сарфланиб, тиббий ёрдам кўрсатишга атиги 10 фоизи қолмоқда.

Шу боис, Гулистон шаҳридаги Республика шошилинч ёрдам илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонасини, унга туташ ёки атрофида жойлашган 10 га яқин тор соҳадаги тиббиёт муассасаларини ягона кластерга бирлаштиришга қарор қилдик. Бошқа ҳудудларда ҳам, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини пухта ўрганган ҳолда, бир йўналишдаги шифохоналардан воз кечиб, мавжуд шифохоналар негизида, кўп тармоқли клиникалар ташкил этилади.

Бундан буён тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” деган тамойил асосида молиялаштиришга ўтилади. Шунингдек, йил якунига қадар Сирдарёда тиббий суғурта тизимини тўлиқ йўлга қўйиб, келгуси йилларда барча ҳудудларда жорий этамиз.

Шу билан бирга, бутун республикада амал қиладиган ягона клиник протоколлар, кўрсатмалар ва стандартлар ишлаб чиқилади. Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси, “электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилади. Тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган Миллий тизим жорий этилади.

Шу билан бирга, илғор хорижий тажриба асосида, клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак.  Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди. Балки, улар ўз устида доимий ишлаб, тажрибасини оширишдан ўзлари бевосита манфаатдор бўлади.
 
Умуман, соҳадаги ислоҳотларни режали ва изчил давом эттириш мақсадида, Жаҳон банки экспертлари билан бирга, 1 октябрга қадар 7 та асосий йўналишни ўз ичига олган соғлиқни сақлаш стратегияси ишлаб чиқилади”, деди президент.

Ўхшаш янгиликлар