• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Ички гуруҳ таркибидан ИИВнинг соҳавий хизматлари, Миллий гвардия, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ва унинг тузилмалари раҳбарлари, вилоят сектор бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари ўрин олган.

Фото: KUN.UZ

31 январь куни Фарғонада бўлиб ўтган ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳнинг йиғилишида вилоят ижтимоий инфратузилма объектларининг реал ҳолатини, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминлаш аҳволи муҳокама этилди. Масъуллар истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги, озиқ-овқат захиралари мавжудлигини таъкидлашди.

Йиғилиш давомида фуқароларнинг энерготаъминот масаласидан розилигини ўрганиш, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиётига оид масалалар бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган долзарб кундалик ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда секторлар фаолияти самарадорлиги, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш, Президент виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижалари таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш фаолиятини баҳолаш юзасидан Фарғона вилоятида ўрганиш ишларини бошлаган.

 “Ишчи гуруҳ аъзоларига маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, мактаб ўқувчилари, талабалар, аёллар ва ёшлар орасида қонунга итоаткорлик ҳиссини шакллантириш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда ёшлар, аёллар томонидан ва ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллада шакллантирилган бешликнинг, яъни профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди”, дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Йиғилишда ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳар бир соҳа мутасаддиларининг зиммасига муайян вазифалар юкланди. Уларнинг ижроси бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўз фаолиятини бошлади.

Жумладан, Олтиариқ туманидаги Қизилтепа маҳалласида жойлашган боғча, мактаб, тиббиёт маскани, маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг иссиқлик таъминоти кўздан кечирилиб, аниқланган муаммолар тезкорлик билан бартараф этилди.

Эски араб ва Янги араб маҳаллаларида 16 дан зиёд хонадон кўмирга муҳтожлиги аниқланиб, Олтиариқ тумани кўмир омборидан ҳар бир маҳаллага 10 тоннадан кўмир етказиб берилди.

Аҳоли билан учрашувлар давомида фуқаролар Қизилтепа маҳалласидан Олтиариқ тумани марказига қатновчи “Дамас”лар йўлкира нархини ошириб юборганидан шикоят қилишди. Ҳолат мутасаддилар ва ушбу йўналишда аҳолига транспорт хизматига кўрсатувчи шахслар билан биргаликда муҳокама қилиниб, йўлкира нархини туширишга эришилди.

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, ишчи гуруҳ вилоят бўйлаб ўрганишларини давом эттирмоқда. Бунгача масъуллар Қашқадарё вилояти шаҳар-туманларидаги ҳолатни ўрганиб, муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиб қайтганди.

Ўхшаш янгиликлар