• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Янги хонадон учун тўлов қилган самарқандликлар Қорасув массивидаги уйлари битмаётганидан норози. Улар қурувчи компания ҳокимиятники эканига ишониб пул тўлашган ва уй эмас, ташвиш сотиб олишган. Эътиборлиси, ер ажратиш ҳақидаги қарорни имзолаган ҳам, шу қарор устидан протест киритиб, суд орқали бекор қилдирган ҳам – бир шахс.

Самарқандда бир масъулнинг қарори билан бошланган қурилиш у бошқа лавозимга ўтганидан кейин чиқарган янги қарори билан тўхтатиб қўйилди. Натижада уч юздан ортиқ фуқаронинг янги уйи фойдаланишга топширилмаяпти.

Бу ҳақда Kun.uz'га мурожаат қилганлар уларни ҳеч ким эшитмаётгани, шартнома шартлари эса муттасил бузиб келинаётганидан норози.

“Kapital Qurilish Direksiyasi” давлат корхонаси 2020 йилда Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги бешта кўп қаватли уй, жами 364 та хонадон қурилишини зиммасига олади. Уйлар субсидия асосида қурилаётгани ва энг асосийси, қурилиш қилаётган компания давлат корхонаси эканини инобатга олган фуқаролар тез орада сифатли уйларга кўчиб киришига ишонади. “ДК”га урғу бераётганимиз сабаби, одатда бундай лойиҳаларни бирор хусусий корхона зиммасига олса-ю, оёғини осмондан қилса, бу ташкилотни кўчадаги дайди ит ҳам бир қопиб олгиси келади.

Хуллас, бизга мурожаат қилганларнинг аксарияти “Kapital Qurilish Direksiyasi”нинг айнан давлат корхонаси эканига кўпроқ эътибор беришганини яширмади.

Тўлов қилинган пуллар осон топилмаган, уйдан эса дарак йўқ

Оқдарёлик Нигора Мирзаева уч нафар ўғли Россияда ишлаётганини айтади. У қишлоқда уй қуришга шароит бўлмагани учун Қорасув массивида қурилиши бошланган ушбу уйларга ариза топширган. Аёл катта ўғлини уйлантириб, ёшларни айнан шу уйга олиб келмоқчи бўлган.

Қурилиш кечикяпти, бошидан тўланган 143 миллион сўмни қайтариб олишнинг ҳам имкони йўқ, чунки инфляция ҳисобига энди у бошқа уйга тўлов қилган тақдирда ҳам ютқазади.

Искандар Салимов ҳам куйиб қолганлардан. У “Kapital Qurilish Direksiyasi” масъуллари билан бир неча марта телефон орқали боғланиб, учрашиб ҳам бирор натижага эришиб бўлмаётганини айтди. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлимидагилардан ҳам тайинли жавоб ололмаяпти.

“200 миллион сўм тўлов қилганман. Очиғи, бу пулни осон топмаганман, эшшакдай ишлаб, ўриснинг меҳнатини қилганман. Ана қурилади, мана қурилади билан ҳам олти ой ўтиб кетди. Ҳар сафар шу ёлғонни эшитамиз. Ҳолатдан вилоят, шаҳар ҳокимлиги, прокуратура тўлиқ хабардор, лекин ишда силжиш бўлмаяпти”, – дейди Салимов.

Дарвоқе, ушбу массивдаги уйлар субсидия асосида, кам таъминланган оилаларга мўлжаллаб қурилаётгани учун ҳам бошқа уйлардан кўра арзонроқ нархда ҳисобланган. Биз билан суҳбатлашганларнинг аксарияти уйларнинг имтиёзига ишонган ҳолда ариза топширганини айтмоқда.

Ўзига ўзи протест киритган прокурор

“Kapital Qurilish Direksiyasi” ДК раҳбари Ботир Нормуродов биз билан ўз кабинетида суҳбатлашишини маълум қилди. Биз Нормуродов билан учрашганимиздан сўнг, бевосита камера қаршисида гапирмаслиги, бироқ қурилиш кечикишига сабаб бўлган омилларни айтиб беришини билдирди.

Нормуродовга кўра, харидорлар билан қилинган шартномада уйларни 2021 йилнинг 31 декабрига қадар топшириш кўзда тутилган. Бироқ бу муддат чўзилиб кетган, шартномада эса қурилиш уч ойдан кечиккан тақдирда у иккинчи томонга пеня тўлаб бериши белгилаб қўйилган.

Ушбу уйларнинг қурилишига асос бўлган ҳужжат Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 мартдаги 140-Қ сонли қарори ҳисобланади. Ботир Нормуродовнинг айтишича, Самарқанд шаҳар прокурори 2022 йилнинг 3 март куни шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб протест келтиради.

Шаҳар прокурорининг протестида айтилишича, бу ер шаҳар ҳокимлиги қошида хўжалик ҳисобида фаолият олиб бораётган “Kapital Qurilish Direksiyasi” ДКга ҳокимнинг қарори билан ажратилиши белгиланган қоидаларга зид бўлган, ер аукцион орқали ўйналиши керак бўлган.

2022 йилнинг 10 июн куни Самарқанд туманлараро маъмурий суди шаҳар прокурорининг протестини қаноатлантирган. Уйлар қурилишига асос бўлган шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 мартдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Ҳолатнинг ажойиблиги шундаки, қарорга протест киритган шаҳар прокурори Бобурмирзо Облоқулов 2020 йилда Самарқанд шаҳри ҳокими эди. Яъни қурилиш учун қарорни шахсан ўзи қабул қилган. Бошқа лавозим – шаҳарга прокурор бўлиб ўтганидан кейин эса ўз қарорини бекор қилишни сўраган. Суд бу сўровни қаноатлантирган.

Ваҳоланки, ҳокимликка қарашли “Kapital Qurilish Direksiyasi” ДК бешта кўп қаватли уйлар қурилишини бошлаб бўлган, айримлари икки қават кўтарилган, айримларининг фундаменти қуйилган ва турли жараёнда. Бу қанчадир маблағ сарфланиб бўлди, дегани.

Иккинчи масала шундаки, 364 та оила пул тўлаб қўйган ва кўз тикиб турибди.

Инсоф билан айтганда, 2020 йилдаги ноўрин қарор ва сарф қилинган харажатлар учун шаҳарнинг ўша пайтдаги ҳокими, ҳужжатга имзо қўйган одам жавоб бериши керак. Яъни ҳоким сифатидаги ўз қарорини шаҳар прокурори сифатида бекор қилдирган Бобурмирзо Облоқулов. Ва унинг ўша пайтдаги жамоаси, лойиҳага бош қўшган қурилиш комплекси ҳам бу ишга бевосита жавобгар.

Ваъда қилган вақтида телефонини кўтармайдиган, мажлисга кириб кетадиган ҳоким ўринбосари

Бу мурожаат бўйича дастлаб Самарқанд шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Рустам Олимов билан 21 июл куни телефон орқали суҳбатлашдик. У бандлиги ва ўша куни кечқурун бизга вақт ажратишини маълум қилди. Бироқ у айтган муддатда қилинган қўнғироқларимизга жавоб бермади.

23 июл куни қурилаётган уйлар олдида изоҳ олиш мақсадида яна Олимов билан телефон орқали боғландик. У соат 12.00 да кабинетда бўлишини маълум қилди. Белгиланган вақтда Самарқанд шаҳар ҳокимлигида бўлиб, Олимовдан интервю олмоқчи бўлдик. Бироқ ёрдамчиси у бироз аввал мажлисга кириб кетганини айтди. Биз ёрдамчидан қанча муддатда ҳоким ўринбосари билан боғлана олишимиз мумкинлиги ёки шу мавзуга салоҳияти етадиган бирор мутахассисни бизга юзлаштиришини сўрадик. Бу саволимизга ҳам тайинли жавоб бўлмади. Натижада барча жараёнларда тўғридан тўғри иштирок этган шаҳар қурилиш комплексининг ҳолатга муносабати номаълум бўлиб қолмоқда.

Бу ҳали хулоса эмас

“Kapital Qurilish Direksiyasi” давлат корхонаси раҳбари Ботир Нормуродов билан яна боғланиб вазиятни сўраганимизда, у муаммога шаҳар ҳокими эътибор қаратаётгани, ижобий ечим бўлиб қолишига умид билдирди.

Бироқ масала шунчалик чалкаштириб юборилганки, ижобий ечим албатта қайсидир меъёр ва қонуннинг бузилиши эвазига бўлади. Чунки масала аввал бошдан боши берк кўчага кириб бўлган. Ер аукционсиз берилган, қурилиш бошланган, фуқаролар тўлов қилган, суд қурилишга асос бўлган қарорни бекор қилган.

Kun.uz ҳолатни кузатиб боради ва мавзуга яна қайтади.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Ўхшаш янгиликлар