• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24°C
Detail image
Фото: Shutterstock

Президент “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:

  • оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;
  • Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади.

2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотлари мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади (Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона бундан мустасно). Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, улар электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.

1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдори 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда:

  • оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида базавий ҳисоблаш миқдори 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади;
  • амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан очиқ ва шаффоф усулда электрон аниқлаш тизими – махсус электрон платформани ишга туширади.

Ўхшаш янгиликлар