• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image

АҚШ ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчилари Жонатан Хеник ҳамда Тило Клиннер Навоийда бўлиб, вилоят ҳокими Нормат Турсунов билан учрашди. 

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, ҳар икки учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинган.

Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Жонатан Хеник билан ўтказилган учрашувда вилоят раҳбари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари, шу жумладан, вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берган.

Хусусан, вилоят ҳокими импорт сифатида олиб келинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳудуддаги йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш, 20 турдаги норуда фойдали қазилмаларнинг 100 дан ортиқ ишлаб чиқаришга жалб этилмаган конларини ўзлаштириш, барча инфратузилма билан таъминланган “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги 260 гектар бўш ер майдонига америкалик инвесторларни жалб этиш борасидаги таклифларни илгари сурган.

Ўз навбатида АҚШ элчиси вилоятнинг инвестицион салоҳиятини инобатга олган ҳолда, америкалик салоҳиятли инвесторларни Навоий вилоятига жалб қилишда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлаган. 

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Тило Клиннер раҳбарлигидаги ишбилармонлар делегацияси билан ўтказилган учрашувда ҳам икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, немис инвесторларини Навоий вилоятига кенгроқ жалб этиш масалалари муҳокама қилинган. Унда Германия иқтисодиёти ваколатхонаси раҳбарияти ҳамда ГФР капитали эвазига Ўзбекистонда фаолият юритаётган “BOSCH”, “ABM technik”, “YO’LTEC” каби ўнга яқин йирик компаниялар вакиллари иштирок этган.

Нормат Турсунов Навоийда айнан германиялик ишбилармонлар билан бошқа йўналишлар қаторида “яшил” энергетика йўналишида лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат университетлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, вилоятдаги касб-ҳунар мактаб ва коллежларида Германия тажрибасини жорий этиш борасидаги имкониятлар ҳақида тўхталган. Элчи эса “Навоий” эркин иқтисодий зонасида хорижлик сармоядорларга яратилган имкониятлар билан қизиққан.

Учрашувда томонлар соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, туризм соҳасида ҳам фаол фойдаланиш мумкин бўлган имкониятларни муҳокама қилишган.

Ўхшаш янгиликлар