• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +6°C
Detail image

Боши бироз оғригани туфайли шифокор қабулига борган ўқитувчи аёл уйига қайтмади: шифокорнинг “укол”идан сўнг у сониялар ичида вафот этган. Муолажа қилган 68 ёшли шифокор ўша лаҳзада шошиб қолганини айтмоқда.

37 ёшли Дилафрўз Тоирова Навбаҳор туманидаги 1-умумтаълим мактабида рус тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган. Турмуш ўртоғи Ҳусан Тоиров эса чорвачилик билан шуғулланган. Улар туманнинг Бурқут маҳалласида истиқомат қилишган. Шу йил феврал ойи охирида оила бошига оғир синов тушди: шифокор қабулига шифо истаб борган рўзғор бекасининг уйга совуқ жасади қайтди.

Шу йил 23 феврал куни мактабдан қайтган Дилафрўз Тоирова турмуш ўртоғига бироз боши оғриётанини айтади. Эри қўшни маҳалладаги “Янги йўл” оилавий шифокорлик пунктининг умумий амалиёт шифокори Рамазон Облоқуловга қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғини текшириб қўйишни сўрайди.

Таассуфлар бўлсинким, дардига шифо истаб шифокор қабулига борган Дилафрўз Тоирова қилинган “укол”дан сўнг ўша лаҳзадаёқ ёруғ оламни тарк этади. Воқеа жойига тез тиббий ёрдам гуруҳи, ички ишлар бўлими ходимлари чақирилади. Аммо туман ички ишлар бўлими ҳам, прокуратураси ҳам марҳуманинг ота-онасидан шифокорга даъвоси йўқлиги тўғрисида тилхат ёздириб олиш билангина кифояланишган, холос.

Ўша куни турмуш ўртоғимни шифокорга жўнатганимдан кейин ўзим молларга қараш учун кетдим. Тахминан 1 соатдан кейин стоматолог шифокор Илҳом Эшмуродов келиб, турмуш ўртоғим вафот этганини айтди. Аввалига бу гапга ишонмадим. Шифохонага бордим. Қарасам, турмуш ўртоғим ростдан ўлиб ётибди. Уни кўриб шок ҳолатига тушиб қолдим.

Ўша ерда турган ҳудуд профилактика инспектори менга хотинимнинг ота-онасини чақиришимни айтди. Чақирдим. Сўнгра туман ИИБ бошлиғи келди. Соат 20:00лар атрофида турмуш ўртоғимнинг ота-онаси етиб келишди. ИИБ ходимлари улардан тилхат ёздириб олди.

Икки нафар фарзандим бор. Улар ҳар куни онасини сўрайди. Ўша лаҳзаларда қийналиб кетар экан одам. Бир инсон ўлиб кетяпти-ю, нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Кўплаб жойларга мурожаат қилдим, бирор натижага эришмадим. Хотиним қандай сабаб билан вафот этганини билишни хоҳлайман. Чунки у менга турмушга чиққанидан буён бирор марта касал бўлиб, шифохонага ётмаган. Фақатгина фарзандларимни дунёга келтираётганида шифохонага борган холос”, – дейди Ҳусан Тоиров.

Лутфия Тоированинг айтишича, келинининг бу тарзда вафот этганидан ҳаттоки туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти хабар ҳам топмаган:

“Келиним вафот этгач, бир ҳафтадан кейин туман тиббиёт бирлашмасига бориб, бош шифокорга ҳолатни айтдим. Уларнинг бу воқеадан хабари йўқ экан. Нега туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг хабари бўлмайди, туман прокурорининг хабари бўлмайди?!

Инсоннинг қадри шунчалик йўқлигини тасаввур қилолмайман. Бу мол ёки қўй эмас-ку, ўлдириб чиқариб кўмиб қўядиган. Укамнинг, икки нафар фарзандининг ҳаётига ачинаман. Ўзим ҳам бир неча йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлаб келяпман. Лекин бундай ҳолатни биринчи бор кўришим”.

“Янги йўл” оилавий шифокорлик пунктининг умумий амалиёт шифокори Рамазон Облоқуловга кўра, бемор ўша куни оғир аҳволда, деворга суянган ҳолда келган. 46 йиллик шифокор ўша ҳолатда шошиб қолгани ва билим даражаси етмаганини таъкидламоқда.

Иш вақтим тугаган эди, турмуш ўртоғи илтимос қилгани учун кутиб турдик. Бемор ранги кўкарган ҳолда, жуда оғир аҳволда келди, нафас олиши оғир эди. Унга шифохонага ётишни тавсия қилдик. Бемор кўнмади. Ўзимнинг дорим бор, пирацетамни ўтказинг, деди. Қон босимини ўлчадик ва дорини ўтказдик. Ушбу дори фойда қилмаслигини билгандик. Аммо илтимос қилгани учун ўтказдик. “Укол” ўтиб бўлмасидан бемор вафот этди.

Тез тиббий ёрдам ва ҳудуд профилактика инспекторини чақирдик. Туман ИИБ бошлиғи ҳам келди. Марҳуманинг яқинларига суд-тиббий экспертиза ўтказиш тавсия қилинди. Аммо турмуш ўртоғи ва ота-онаси бунга кўнмади.

Орадан икки ой ўтиб, қайнопаси мурожаат қилгач, туман прокуратураси текшириш ўтказди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўлим сабабини ўрганиб, хулоса берди. Етарли тиббий ёрдам кўрсата олмаганимиз учун менга интизомий жазо қўлланилди.

Бўлган иш бўлди, яқинларидан кечирим сўрадим. Тўғри, ўша куни билим даражам етмай қолди, 46 йиллик фаолиятимда бундай ҳолат бўлмаган эди, шошиб қолдим. Энди яна ўз устимда ишлайман”, – дейди шифокор Рамазон Облоқулов.

Ҳусан Тоиров турмуш ўртоғи вафот этгач суд-тиббий экспертиза ўтказилмагани, айбдорларга жазо берилмаганидан норози.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борган Навбаҳор тумани прокуратураси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этган.

Прокуратура хатида таъкидланишича, Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг хулосасига кўра, беморнинг ўлимига “дори моддасидан аллергик реакциянинг яшин тезлигида кечиши, ўпка артерияси тромбоэмболияси, декомпенсациялашган анафилактик шок натижасида ўткир нафас, юрак қон томир етишмовчилиги” сабаб бўлган.

Эътиборлиси, ССБнинг бу хулосаси орадан 3 ой вақт ўтиб, 2022 йилнинг 21 май куни ёзилган. Бу эса хулоса қандай асосларга таяниб ёзилди, деган саволларни юзага чиқаради.

Kun.uz изоҳ олиш мақсадида бир неча бор Навбаҳор тумани прокуратураси билан боғланди. Аммо прокуратура ҳолат юзасидан изоҳ беришни истамади.

Ҳусан Тоиров турмуш ўртоғининг вафоти сабабини билишга ҳақли. Бунинг учун марҳуманинг қабри очилиб (эксгумация), суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши керак бўлади. Аммо орадан қарийб 5 ой вақт ўтган. Қолаверса, Дилафрўз Тоированинг ота-онаси эксгумацияга рози эмас.

Аслида, тегишли экспертиза ўша вақтда ўтказилганида турли шубҳаларга ўрин қолмас эди. Демак, ҳолат чуқур ўрганиб кўрилиб, нафақат шифокорнинг, балки ишни шунчаки ёпиб юборилишига йўл қўйиб берган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Ўхшаш янгиликлар