• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21°C
Detail image
Фото: AP

Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси россияликлар ва беларусларга халқаро мусобақаларда нейтрал мақомда иштирок этишига рухсат беришни таклиф қилди. Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ҳам шу фикрда.

Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА) Ижроия қўмитаси Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитасининг Россия ва Беларус спортчиларини халқаро мусобақаларга нейтрал мақомда киритиш бўйича позициясини қўллаб-қувватлади. МОҚА Ижроия қўмитаси Олимпия ҳаракати ва спортчиларнинг бирдамлиги манфаатлари йўлида ишлашда давом этади, дейилади уюшманинг 31 март, жума куни эълон қилинган баёнотида. 

Шу билан бирга, МОҚА ижроия қўмитаси айрим давлатлар томонидан Россия ёки Беларус паспортига эга спортчилар иштирокидаги халқаро мусобақаларга спортчилар киришини чеклаш ҳақидаги баёнотларидан хавотир билдирди. «Ҳукуматнинг бойкотга бўлган ҳар қандай чақируви спортнинг мустақиллигига тўғридан тўғри аралашиш ва спортни сиёсийлаштиришдир», деб таъкидлади МОҚА. Бундай ҳаракат «миллий олимпия қўмиталарини жаҳон спорт жамоатчилигидан ажратиб қўйишга ёрдам беради ва спортчиларнинг орзу ва интилишларига бевосита таъсир қилади», дейилади ассоциация баёнотида. 

Ҳозирда дунёда 70 дан ортиқ урушлар, қуролли можаролар ёки инқирозлар мавжуд, бироқ бу можаролар ва инқирозлардан азият чеккан миллий олимпия қўмиталари «Олимпия қадриятларини ҳурмат қиладилар ва ўз спортчиларига чекловларсиз мусобақаларда қатнашишларига рухсат берадилар», дея қўшимча қилди МОҚА. 

28 март куни ХОҚ Ижроия кенгаши федерацияларга беларус ва россиялик спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини тақиқловчи ҳимоя чораларини бекор қилишни тавсия этди. Спортчиларга рухсат фақат бир қатор шартлар бажарилган тақдирдагина берилиши мумкин. Улар орасида - нейтрал мақомда чиқиш (байроқ ва мадҳиясиз) ҳамда фақат яккалик мусобақаларида. Бундан ташқари, бу спортчилар Россия ёки Беларус армияси, ушбу мамлакатларнинг куч тузилмалари ва хавфсизлик идоралари билан алоқага эга бўлмаслиги керак. 

Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси 1979 йилда ташкил этилган. Ҳозирда у ХОҚ томонидан тан олинган 200 дан ортиқ миллий олимпия қўмитасини бирлаштирган. МОҚА 5 та континентал уюшмага бўлинган - Африка, Европа, Осиё, Океания ва Америка. Фижилик Робин Митчелл 2022 йилдан бери МОҚА раиси лавозимида ишлаб келмоқда. 

Аввалроқ Украина спортчиларига Россия ёки Беларус спортчиларига рухсат бериладиган мусобақаларда қатнашиш тақиқланиши хабар берилганди. Тегишли қарор Украина Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди, деб маълум қилди Вазирлар Маҳкамаси аъзоси Олег Немчинов 30 март куни кечқурун умуммиллий телемарафон эфирида.

Унга кўра, ушбу протокол қарорини Украина ёшлар ва спорт вазири, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) президенти Вадим Гутцайт таклиф қилган. Бу барча мусобақаларга, жумладан, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинларига саралаш турнирларига ҳам тегишли. Немчиновнинг қўшимча қилишича, Украина федерациялари вакилларининг россияликлар ва беларуслар иштирок этадиган мусобақаларда қатнашиши федерацияларни миллий мақомдан маҳрум қилиши мумкин.

Киевдаги ҳукумат қарори Халқаро олимпия қўмитасининг Россия ва Беларус спортчиларининг мусобақаларда иштирок этиши ҳақидаги тавсияларига жавоб бўлди.

28 март куни, тўрт ойлик маслаҳатлашувлардан сўнг ХОҚ Ижроия қўмитаси Париж-2024 Олимпиадаси ҳақидаги қарорни кейинга қолдириб, халқаро федерацияларга урушни нейтрал спортчилар сифатида қўллаб-қувватламаган россиялик ва беларуслик спортчиларга мусобақада қатнашишга рухсат беришни тавсия қилди.

Аммо Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (World Athletics, WA) Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси тавсиясига қарамай, Россия ва Беларус спортчиларининг мусобақага киришига йўл қўймаслик позициясига амал қилади.

Ўхшаш янгиликлар