• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Украина президенти Зеленский жаҳон ҳамжамиятини Россия томонидан «террор ва қотилликка» қатъий жавоб беришга чақирди. У БМТ Хавфсизлик кенгашидан «энергетик терроризм»нинг барча шаклларини қоралашни сўради.

Фото: AFP

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украина энергия тармоқларига зарба беришини инсониятга қарши жиноят деб атади. 23 ноябрь, чоршанба оқшомида БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши иштирокчиларига видеомурожаати чоғида у: «ҳарорат нолдан паст бўлиб, миллионлаб одамлар энергия таъминотидан маҳрум бўлганида, бу инсониятга қарши очиқ жиноятдир», деди.

Аввалроқ Зеленский Москвани Украина томонидан амалга оширилган навбатдаги йирик ракета ҳужуми муносабати билан террор ва қотилликда айблаб, Украинанинг БМТдаги элчисига жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказишни сўрашни топширганди. «Тинч аҳолининг ўлдирилиши, фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлиши - булар терактлар. Жаҳон ҳамжамияти бунга қатъий жавоб бериши керак», - дея таъкидлади у.

Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида вето қўйиш ҳуқуқига эга ва жаҳон ташкилоти бошқарув органининг Украина билан уруш бўйича ҳар қандай резолюциясини блоклаши мумкин. Зеленский Хавфсизлик кенгашини «халқаро террорчи (давлат)нинг ўзини гаровга олишига» йўл қўймасликка чақирди.

Ўз навбатида, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Украинадаги инфратузилма объектларига зарба беришни «бу давлатни Ғарб қуроллари билан таъминлангани ва Киевнинг Россия устидан ҳарбий ғалаба қозониш ҳақидаги ўйланмаган чақириқларига» жавоб деб атади. Небензянинг айтишича, Киев «реалистик позиция»ни эгаллаб, музокаралар столига қайтмагунча, Россия кучлари зарба беришда давом этади. Шу билан бирга, доимий вакил фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар Украина Қуролли кучларининг жанговар қобилиятига қандай таъсир қилишига аниқлик киритмади.

Россия октябрь ойи бошидан бери Украинанинг энергетика инфратузилмасига кучли зарбалар бермоқда. Охирги бундай ҳужум 23 ноябрь куни содир бўлди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия 67 та ракета учирди, бунинг натижасида Киев, Одесса ва Чернигов вилоятлари қувватсизланган. Барча атом электр станциялари ва аксарият ГЭСлар вақтинчалик ўчирилган. Украинанинг кўплаб ҳудудларида сув таъминоти ва иситиш билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд.

Ўхшаш янгиликлар