• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Ўзбекистонда таълимга бўлган талаб унчалик юқори эмас, чунки инсон капиталига бўлган инвестицияларнинг бозордаги қиймати баланд эмас. Лекин иқтисодий ўсиш бошланса, малакали кадрларга талаб ошади, бу уларнинг даромади кескин ошишига олиб келади. Аста секинлик билан таълими бор ва йўқларнинг орасида катта фарқ кузатилади, шу фарқ эса  таълимга инвестиция қилишга сабабчилардан бири бўлади, дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг Kun.uz’га берган интервюсида.

Инсонларнинг билимли бўлиши, бунинг ортидан жамиятнинг ҳам онги юксалиши ҳар давр учун ўта долзарб ва муҳим масала бўлиб келган. Чунки мамлакат ривожланиши бир қадар ундаги таълим тизимининг йўлга қўйилганига боғлиқ. Аммо жараёнда бошқа омиллар, мисол учун, давлатнинг иқтисодий тараққиёти бирламчи ҳисобланиши, таълим шундагина яхшиланиши ҳақида ҳам фикрлар билдирилади.

Хўш, таълим ва иқтисодиёт бир-бирига қанчалик боғлиқ? Биринчи навбатда, булардан қайси бирининг ўсиши муҳим? Айни мавзуни муҳокама, таҳлил қилиш учун Kun.uz иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

Беҳзод ака, яқинда “Манипулятив диктаторлар” китобининг муаллифларидан бири Сегей Гўриев билан қилган интервюнгизда бир фикр илгари сурилган экан, яъни “таълим кўрган, билимли инсонлар синфининг кенгайиши сабаб манипулятив диктаторларнинг ҳам ҳокимиятини сақлаб қолиши мураккаблашади. Иқтисодий ўсишнинг базаси асли таълим кўрганлар синфи ҳисобланади”.

Мен дастлаб интервюни шундан бошламоқчиман, яъни ривожланишда булардан қайси бирининг тараққиёти муҳим, таълимми ёки иқтисодиёт? Бу иккиси бир-бирига қанчалик боғлиқ?

– Савол учун катта раҳмат. Бир-иккита нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Биринчиси, Трейсман ва Гўриевнинг ҳаммуаллифлигидаги китоби, умуман демократиялар ҳақида гап кетадиган бўлса, таълим деганда специфик нарсани тушунишади. Биринчиси бу – олий таълим, олий таълим деганда ҳам ниҳоятда кенг қамровли таълим ҳақида гап кетяпти. Яъни инсонлар ижтимоий фанлардан хабардор, эркинлик ғоялари ҳақида эшитишган [шундай одамлар ҳақида гапирилса], уларни манипуляция қилиш нисбатан қийинроқлиги ҳақидаги гап эди.

Сўраган саволингизга жавоб берадиган бўлсак, олдин иқтисодий ривожланишми ёки таълим, ё таълим ривожланиши ёки иқтисодми деганингизда, буларни бир-биридан ажратиш қийинроқ. Одатда иқтисодий ривожланиш натижасида таълимга бўлган талаб ошиб боради ва бу орқали таълим ҳам ривожланади. Бу икки нарса бир-бирини ривожлантириб боради. Буни қандай маънода тушунсак бўлади? Ўзбекистондек давлатни олсак, таълимга бўлган талаб унчалик катта эмас, чунки инсон капиталига бўлган инвестицияларнинг бозордаги қиймати унчалик баланд бўлмаслиги мумкин. Лекин иқтисодий ўсиш бошланса, шу жараёнда малакали инсонларга талаб ошади, бундай тоифадаги инсонларнинг кўпайиши эса уларнинг даромади кескин ошишига олиб келади. Яъни таълими бор ва йўқларнинг орасида катта фарқ кузатилади, шу фарқ эса инсонларнинг таълимга инвестиция қилишига сабабчилардан бири бўлади. Шунинг учун иқтисодий ривожланиш кузатилган мамлакатларда таълимнинг сифати ҳам, қамрови ҳам ошиб боради. Иқтисодий ривожланишсиз таълимга инвестиция қилиш ёки унинг ўсишига эришиш ўзидан ўзи қийин. Таълимга қилинган инвестициялар қайсидир жойларда пуллаштиришнинг иложи бўлмаса, яъни масалан, бир хил мамлакатлар бор, ўзининг бозори унча ривожланмаса ҳам улардаги квалификацияси юқори, малакаси юқори бўлган инсонлар чет эл меҳнат бозорларида ўз бахтларини топишади ва шу сабаб иқтисодиёти ривожланмаган бўлса ҳам, уларнинг таълими ривожланган бўлиши мумкин.

Таълим деганимизда умумий таълим ҳақида гап кетяпти, бунда мактаб ва олий таълим ҳам, бошқа ихтисослашган таълим ҳақида ҳам гапиряпман. Таълим ҳам бошқа инвестициялар сингари рағбатларга эга. Рағбатлар бўлса, инсонлар таълимга инвестиция қилишни ўйлашади. Мана шу қароримизнинг асосий ўлчовларидан бири шу инвестицияларимизни пуллаштиришнинг иложи борми? Албатта, бу келажакни ўйлаб қилинган нарса. Бир хил вақтда инсонларнинг қарори узоқ муддатни ўйлаб қабул қилинмайди. Умуман олганда, одамларнинг ижтимоий соҳаларга инвестиция қилиши келажакдаги кутилмаларга боғлиқ бўлади, агарда мамлакатда шу кутилмалар яхши бўлмаса, таълимга инвестициялар инсонлар томонидан камроқ бўлиши мумкин. Ўша-ўша мамлакатда келажакка нисбатан оптимизм ортса, шу мамлакат ривожланишига ёки у ердан кетишига ишончи кўпроқ бўлса, балки улар таълимга инвестиция қилади.

Яқинда Ўзбекистонда аҳолининг истеъмол кайфияти рақамларда эълон қилинди. Яъни фуқароларнинг қанчаси қайси соҳаларга қанча миқдорда харажат қилиши айтилди. Масалан, мана шу харажатларнинг энг катта миқдори таълимга тўғри келган. Бу борада нима дея оласиз?

– 2 та сабабга кўра, бу яхши янгилик бўлиши мумкин. Биринчидан, Ўзбекистонда ҳам таълимни пуллаш имконияти мавжуд бўлаётгани, яъни таълим олган ва олмаган инсонларнинг даромадларида фарқлар кузатилишини бошланишига олиб келаётган бўлиши мумкин. Базавий таълим даражасининг пастлигидан ҳам юзага келган бўлиши мумкин. Сабаби, биласиз, кўп йиллардан бери Ўзбекистонда олий таълим қамрови жуда паст бўлган ва ҳозир олий таълими мавжуд инсонлар Ўзбекистонда жуда кам миқдорни ташкил этади. Шунинг учун бозордаги қандайдир квалификацияга эга бўлган инсонларга талаб сал юқори бўлгани учун уларнинг даромадлари таълими йўқ одамлардан баландроқ бўлиши ва шунинг учун ҳам ҳозир таълим олишга рағбат кўпайган бўлиши мумкин.

Иккинчи сабабини Ўзбекистон очилгани ва инсонларнинг чет эл бозорларига чиқиб кетиш имконияти яратилгани билан боғлаш мумкин. Ўзбекистоннинг ихтиёрий шаҳрида юрсангиз ҳамма ерда инглиз тили курслари очиляпти, у курсларни битириб борган ҳамма одамлар ҳам чет элда ишлайди дегани эмас, лекин қанчадир қисми инглиззабон бозорларда ўзини синаб кўришига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун [таълимга бўлган харажатларнинг ошишини] иқтисодий ўсиш сабаб эмас, чет эл бозорларида ўз кучи ва имкониятларини синаб кўриш ошгани сабаб Ўзбекистонда таълимга инвестиция қилиш жозибадор кўринган бўлиши мумкин.

Даромад кўришнинг қанчадир қисмидан сўнг инсонлар таълимни кўнгилочар нарсадек қабул қилишни бошлашади. Масалан, кимдир бориб фалсафа ўқийди, шунга Кант нима деганига қизиқади. Ўзбекистондек жойларда ўз хоҳиши учун нимадир қилиш ниҳоятда қиммат, шунинг учун Ўзбекистондек, ҳатто АҚШдек мамлакатларда ҳам қандайдир маънода таълимнинг мақсади болаларга малака ва кўникмалар бериш ва шу кўникмаларни юқорироқ даромадга айлантиришдир. АҚШда умри давомида олий таълим олган инсонлар билан, олий таълим олмаган инсонлар икки баробар кўпроқ пул топади, Россияда эса бу рақам 40 фоиз кўпроқ. Сиз масалан, олий таълимга борганингизда талаба сифатида кам пул топасиз, сизнинг олий таълимга бормаган танишингиз эса мактабни битирибоқ манфий пул топишни бошлайди. Кейинчалик иккингиз топаётган даромадларни солиштирсангиз, олий таълим олган одамнинг даромади кўпроқ кўриниши мумкин. Ривожланган дунёда даромад нуқтаи назаридан олий таълим анча тўғри инвестиция ҳисобланади ва шунинг учун одамлар шуни қилади.

Ўзбекистон шароитида бюджет маблағлари ҳисобидан энг кўп пул ажратиладиган соҳалардан бири айнан таълимдир. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ҳар йили харажатлари учун яхшигина суммада маблағ берилади, масалан, кейинги йил учун 46,6 трлн сўм берилиши кутилмоқда. Унинг энг катта қисми, яъни 80 фоизга яқини педагоглар ойлигига сарфланади.

Аммо гап шундаки, жуда кўп дейиладиган миқдор ҳам аслида кўп эмасдек ва шу сабаб ҳам таълимнинг ривожланишига ҳисса қўшмаётгандек. Бу борада сиз қандай фикрдасиз, аслида таълимнинг ривожланиши учун қанча маблағ йўналтирилиши керак? Умуман таълимда маблағлар тақсимотини қандай кўрасиз?

– Нисбий рақамлар эмас, абсолют рақамларда ҳам фикрласак бўлади. Нисбий рақамларда олсак, Ўзбекистонда бошқа жойлар каби бюджетимизнинг энг катта харажат қисми, албатта, таълим. Лекин бунинг энг катта сабаби Ўзбекистон камбағал мамлакат бўлгани. Чунки агар сиз айтган суммангизни ўқувчи бошига бўлсангиз, минг доллар ҳам чиқмаслиги мумкин. Нима демоқчиман, бизда бюджетнинг энг катта қисми таълимга сарфланадими? Ҳа. Лекин сўм миқдорида ҳисобласангиз, бу унчалик катта рақамлар эмас. Нима учун деган саволга эса, бизда ўзи давлатда унча кўп пул мавжуд эмас, шунинг учун ҳам таълимга унча кўп ажрата олишмайди. Бир хонадонни олайлик, улар ойига 2 млн сўм ишлаб топади ва 95 фоиз даромадини овқатга сарфлайди. Шу хонадон бюджетига қараб жуда кўп овқатланаркан дейишингиз мумкин. Лекин қайсидир хонадон 200 млн сўм ойлик олади дейлик, у эса 10-5 фоизини овқатга ишлатади, бунга қараб улар кам овқат ер экан дейишингиз мумкин. Лекин доллар қисмида иккинчи хонадонники кўпроқ бўлиши мумкин. Яъни хонадоннинг даромадидаги фоизи муҳим эмас, энг муҳимроқ қисми абсолют қийматда, яъни қанча пул таълимга йўналтирилаётганида.

Биздан 6 баробар бойроқ Қозоғистонда киши бошига фоизида Ўзбекистондан 2 баробар камроқ таълимга пул сарфлашса, шунда ҳам 3 баробар кўпроқ таълимга харажат қила олишади. Ўзбекистон фоизда Швейцариядан кўпроқ пул “сарфлаяпти”, аммо тани пули кам бўлгани учун солиштириш масаласи қийин. Биздан 10 баробар бой мамлакат бюджет ҳисобида 2 баробар камроқ пул кетказса ҳам, долларда киши бошига 5 баробар кўпроқ пул йўналтира олади. Таълимга пул кетказишимизнинг сабабларидан бири ўзи таги пули камлиги ҳам.

Яъни таълим бошқа нарсалар каби пул туради. Ўзбекистонда бу пул кам бўлгани учун уни қандай эговламайлик, биз биринчи дунё даражасидаги таълимни, мактабга бера олмаймиз. Ўзбекистонда таълимни Сингапур ва Қозоғистон даражасида беришга “қурбимиз етмайди”. Харажатни тақсимлашда жуда ҳам чегаралар кўп.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Ўхшаш янгиликлар